Ўзбекистон | 12:18 / 29.02.2020
1514
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг етакчи илмий-тадқиқот марказлари ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади

АҚШ, Россия, Хитой, Европа иттифоқи ва Буюк Британия каби давлатлар билан ҳамкорликнинг асосий йўналишлари таҳлили тақдим этилди 

Фото: Ўзбекистон Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

Жорий йилнинг 26 февраль куни Қироллик халқаро муносабатлар институтида (Чэтэм Хаус) Ўзбекистон Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари С.Валиев, молия вазирининг ўринбосари О.Исоқов, Халқаро иқтисодиёт ва дипломатия университети етакчи илмий ходими А.Умаровнинг «Чэтэм Хаус», Қироллик мудофаа тадқиқотлари институти, Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги ва «Призм» хатарларни баҳолаш бўйича тадқиқот маркази таҳлилчилар гуруҳи билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон вакиллари жорий ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар жараёни, республика ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатлар, АҚШ, Россия, Хитой, Европа иттифоқи ҳамда Буюк Британия каби етакчи шерик-давлатлар билан ҳамкорликнинг асосий йўналишлари таҳлилини тақдим этдилар.
 
Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий иқтисодий интеграцияси, шунингдек, Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва ривожланишини таъминлаш масалалари бўйича фикр алмашилди.

Учрашув якунлари бўйича икки мамлакатнинг етакчи илмий-тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма нашрлар тайёрлаш ва тадқиқот лойиҳаларини ўтказиш тўғрисида келишувларга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид