Жамият | 08:09 / 02.03.2020
9128
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ҳайдовчига калла қўйган бошқа ҳайдовчига жиноят иши очилди

Самарқандда йўлда бошқа машина ҳайдовчисига зўравонлик қилган ҳайдовчига жиноят иши очилди. Cobalt ҳайдовчиси Damas ҳайдовчисига калла қўйиб, бурнини синдирган.

Иллюстратив фото

Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизмати маълумотига кўра, вилоятнинг Оқдарё тумани «Ойтамғали» МФЙда яшовчи, 1996 йилда туғилган Ў.С. ўзига тегишли бўлган «Дамас» русумли автомашинасида Самарқанд – Лойиш йўналишида ҳаракатланиб бораётган вақтида унинг билан бир йўналишда орқада ҳаракатланиб келаётган Cobalt русумли автомашина ҳайдовчиси унга қўли билан тўхташ ишорасини қилади.

Ў.С. автомашинасини тўхтатганда Cobalt русумли автомашина ҳайдовчиси — Оқдарё тумани «Янгиобод» МФЙда яшовчи, 1972 йилда туғилган Н.Ж. унга «йўлга қараб ҳайдасанг бўлмайдими, йўл белгисини билмайсанми?» деб бақириб ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, юз қисмига қўли билан мушт тушириб, юз соҳасига боши билан зарба беради ва тан жароҳати етказади.

Республика суд-тиббиёт экспертизаси илмий-амалий маркази Самарқанд филиалининг хулосасига кўра, фуқаро Ў.С.нинг танасида, яъни бурун соҳасида қонталаш, бурун суягининг синиши каби жароҳатлар аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Н.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Мавзуга оид