Жамият | 22:46 / 02.03.2020
11338
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда ЙПХ ходимини уриб тан жароҳати етказган ҳайдовчига суд ҳукми ўқилди

Воқеа Булунғур туманида содир бўлган. ЙПХ ходими 27 ёшли И.З. бошқарувидаги «Дамас»ни тўхтатади. Ҳайдовчи тўхташ ишорасига бўйсунмайди. ЙПХ ходими уни қувиб етиб, тўхтатганида ҳайдовчининг суғурта полиси йўқлиги маълум бўлади.

Бундай қоидабузарлик жаримадан ташқари, автомашинанинг жарима майдончасига вақтинчалик жойлаштирилиши билан ҳам жазоланади. Бироқ, ҳайдовчи И.З. аввал Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ бўлинмалари ЙПХ батальони инспектори З.Э.нинг тўхташ ҳақидаги ишорасига бўйсунмасдан, сўнгра у барибир тўхтатилгач, унга суғурта полиси йўқлиги сабабли маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этгани тушунтирилганига қарамасдан, эвакуатор чақириб автомашинани жарима майдончасига жойлаштириш бўйича қилинган хатти-ҳаракатларига монелик қилади.

Иш фақат эвакуаторга монелик қилиш билан тугамаган. Ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг маъмурий баённома расмийлаштиришига ҳам қаршилик кўрсатиб, уни ҳақорат қилади, сўнгра юз қисмига уриб, З.Э.нинг хизмат бурчини бажариши муносабати билан шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлайди ва унга енгил, соғлиғини бузилишига сабаб бўлган шикаст етказади.

Натижада инспектор хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишига мажбур бўлади.

И.З.нинг мазкур хатти-ҳаракатлари юзасидан Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисми «а» банди ва 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши очилиб, иш судга оширилган.

27 февраль куни жиноят ишлари бўйича Ургут туман судининг судьяси А.Аҳмадов раислигида ўтган очиқ сайёр суд мажлисида судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тингланди, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқилди ҳамда ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо берилди.

Суд ҳукмига кўра, И.З. Жиноят кодексининг юқорида келтирилган икки моддаси билан айбли, деб топилди ва унга жазоларини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташлик учун иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил-у 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Мавзуга оид