Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги: кадрлар, экспорт, сифат сертификати муаммолари халқаро ташкилот таҳлилида
3-4 март кунлари Тошкент шаҳрида USAID дастурининг (АҚШнинг халқаро тараққиёт дастури) Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш лойиҳаси (AVC) томонидан мамлакат агросоҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар учун махсус семинар-тренинг ўтказилмоқда.
Kun.uz мухбири хабарига кўра, конференцияда турли йўналишлар, жумладан, томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш масалалари, қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини молиялаштиришда учрайдиган хатолар ва уларнинг ечимлари таҳлил этилмоқда.
Жумладан, AVC лойиҳаси мутахассислари томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бири сифатида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 30 фоизини ташкил этади.

Бироқ, гарчи Ўзбекистон кўплаб боғдорчилик экинлари етиштириш ҳажми бўйича дунёда етакчи бешликка кирса-да, кўплаб ўзбек мева ва сабзавот маҳсулотлари жаҳон бозорига 2-3 баравар арзонроқ экспорт қилинади.
Конференцияда ҳам айни шу жиҳатга эътибор берилган ҳолда ўзбекистонлик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари халқаро бозор талаб қиладиган юқори сифатли маҳсулотларни узлуксиз етказиб беришлари учун нималарга эътибор қаратиши зарур, деган саволларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Жумладан, AVC лойиҳасининг маҳсулот етиштириш соҳаси бўйича мутахассис Ғолибжон Маҳмудов таҳлилларига кўра, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрлар муаммоси бор. Иш беришда малакали мутахассислар танланмаслиги ва кейинчалик уларга етарли маош тўланмаслиги туфайли соҳадаги ходимлар ўз устида етарлича ишлашмайди. Бу эса кадрлар малакасида узилиш бўлишига сабаб бўлади.
«Лекин, аслида, ишчи кучи маҳсулот самарадорлигининг муҳим омили ҳисобланади. Замонавий агробизнесда ишчи кучига даромаднинг 50 фоизи ажратилиши керак. Бироқ, афсуски, Ўзбекистонда ҳали бу босқичга етиб келинмади», - дея кадрлар муаммосига тўхталиб ўтди Ғолибжон Маҳмудов.
Лойиҳанинг маркетинг бўйича эксперти Улуғбек Бекчонов тақдим этган маълумотга кўра, бугун ўзбек агромаҳсулот ишлаб чиқарувчилари фаолиятида қатор кучли ва кучсиз жиҳатлар кузатилмоқда.
«Бугун кўпгина давлатлар ўзбек маҳсулотлари ҳақида маълумотга эга, бундан ташқари, соҳага ҳукумат ва халқаро ташкилотлар томонидан етарлича эътибор ва моддий маблағ ажратилмоқда.
Лекин маҳсулотлар маркетингида ҳануз камчиликлар бор. Масалан, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари, асосан, Россия бозорига боғланиб қолишган ва бошқа бозордан харидор қидириш имкониятидан етарлича фойдалана олишмаяпти.
Бундан ташқари, маҳсулот сифатини аниқлаб берадиган лабораториялар деярли йўқлиги туфайли ҳам ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар чет эл бозорига кириб бориш учун сифатни аниқлаш ишларини амалга оширишда қийналади», - дея қайд этди Улуғбек Бекчанов.
Шунингдек, AVC лойиҳаси стандартлар бўйича мутахассиси Жасурбек Рустамов чет эл бозорига чиқиш учун сифат сертификатларини олиш борасида тўхталиб ўтди.
«Бугун жаҳонда, асосан, органик маҳсулотларга талаб ошиб бормоқда. Ва мана шу маҳсулотларга қўйиладиган сифат сертификатлари мавжуд. Масалан, Америка, Европа, Япония талаб қиладиган сифат сертификати бир-биридан фарқ қилади. Уларнинг талабларини ўрганиш ва шу асосда экспорт қилиш эса муҳим.
Бироқ баъзида экспортчиларимизнинг мана шу талабни яхши ўрганмасдан чет элга маҳсулот олиб бориб, хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги туфайли маҳсулотини қайтариб келган ҳолатлари ҳам бўлган», - дейди Жасурбек Рустамов.
AVC лойиҳаси томонидан шу каби ҳолатларда муаммоларга дуч келмасликлари учун қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётган мутахассислар учун «Global G.A.P» - қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига сифат сертификатини олиш бўйича ёрдам берувчи махсус қўлланманинг ҳам тақдимоти ўтказилди.
Икки кун давом этадиган конференцияда AVC экспертлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга, асосан, маҳсулотни етиштиришдан уни экспорт қилиш тизимигача бўлган жараёнда ҳамкорликни тўғри ташкил қилишни тавсия қилишмоқда.
Маълумот учун: USAID’нинг AVC лойиҳаси Ўзбекистонда юқори қўшимча қийматли боғдорчилик маҳсулотларини етиштиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган беш йиллик дастур бўлиб, Республика бўйича 600дан ортиқ агросекторда фаолият кўрсатаётган корхоналарга, экспортчиларга ёрдам кўрсатади.
USAID ривожланиш бўйича етакчи халқаро агентлик бўлиб, барқарор тараққиётга эришиш йўлида фаолият олиб боради. USAID фаолияти AҚШ миллий хавфсизлигини ҳамда иқтисодий фаровонликни олға суради ва ёрдам олувчи мамлакатларга ўз кучига таянадиган барқарор давлат бўлиши йўлида кўмак беради.
Мавзуга оид
18:05 / 16.06.2026
“Э, онангни... 11 гача ёпмасанг, тиқиб юбораман!” — Музработда фермерлар ҳақоратланди
09:06 / 03.06.2026
Ўзбекистон Афғонистонга қишлоқ хўжалиги уруғликларини беғараз етказиб берди
20:28 / 14.05.2026
Интенсив боғдорчиликка ўтиш: президент эски боғларни янгилашни буюрди
20:32 / 12.05.2026