Жамият | 19:30 / 04.03.2020
20910
3 дақиқада ўқилади

Жадидлар матбуотда кўтариб чиққан энг асосий мавзу нима эди?

4 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан ҳамкорликда «XIX аср охири – XX аср бошларида чоп этилган даврий нашрлар – муҳим тарихий манба» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондида сақланаётган ноёб манбалар, XIX аср охири – XX аср бошларида чоп этилган даврий нашрлар, улардан фойдаланиш, тадқиқ этиш, шунингдек, бу нашрлар чоп этилиши билан боғлиқ муаммолар, уларда кўтарилган масалалар ҳақида сўз юритилди.

«Афсуски, бу пайтда нафақат бир ой, балки бир ёки икки марта чиқиб ёпилган газеталар ҳам бўлган, яъни газета чиқариш катта муаммо бўлган.

Уларнинг фаолияти тўхтатилишига асосий сабаб – сиёсий цензура ҳисобланган. Ҳукуматга қарши тарғибот олиб борилган деб ёпиб ташланган. Бундай газеталар қаторига «Тараққий», «Хуршид», «Шуҳрат» кабиларни киритиш мумкин. 1917 йилгача 2тагина газета бир йил давомида тўлиқ чиқиб турган», дейди тарих фанлари доктори Санобар Шодмонова.

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаев яқин тарихимизда ёзилган манбаларни ўқишда тил жиҳатдан катта қийинчилик туғилмаслигини таъкидлади.

«Кўпинча кузатаман, бу давр манбаларини ўқишга катта иштиёқ билдирилмайди. Сабаби – эски ўзбек ёзувини ўқий олмаслик. Бу қайсидир маънода фожиамиз. Лекин битта бахтимиз борки, буни ўқишга тутинган инсон уни ўқиб тушуна олади. Турк ва баъзи араблар ўзининг 100 йил аввалги матбуотидаги газета ёки журнални ўқиб тушунмайди, тили шунчалик ўзгариб кетди.

Дастлаб араб-форс сўзларини кўп қўллашган. Тараққийпарварлар англаганки, аҳоли тушуниши учун содда ва тушунарли услубда ёзиш керак. Улар қисқа муддатда бунга эришган», дейди олим.

Ирзаев ўша пайтда матбуотда кўп ёзилган мавзулар ҳақида ҳам айтиб ўтди.

«Улар матбуотда олиб чиққан бирламчи мавзу – таълим эди. Хусусан, «Садои Фарғона» газетаси мақолаларининг ярмидан кўпи шунга қаратилган. Ёки зиёлилардан, масалан Ибрат Тошкентга келадиган бўлса, бирор катта тўй учун эмас, айнан мактаб учун келган.

1922 йилда 8 апрелда Саидаҳмад Назиров деган киши «Армуғон» номли журналда давр зиёлиларининг мақолаларини чоп этади. Унда хусусан, Абдурауф Фитратнинг БХСРнинг маориф комиссари сифатида ёзган таълим ҳақидаги маърузаси айниқса эътиборли. У Бухорода маорифни йўлга қўйиш бўйича илғор таклифлар билдиради. Буни бугун фақат олим ўқиши шарт эмас, айнан шу йўналишдаги ҳукумат ходимлари ўқиши лозим. Чунки Фитрат буни арбоб сифатида ёзган эди», дея таъкидлади Баҳром Ирзаев.

Олим А.Фитратнинг «Билим ўчоғи» мақоласидан шундай иқтибос келтирди: «Мия ўзгармагунча, бошқа ўзгаришлар негиз тутмас».

«Яъни Фитрат айтадики, инсон онги ўзгарсагина, ислоҳотлар самара беради», дейди Ирзаев.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид