Жаҳон | 22:21 / 29.01.2025
6758
1 дақиқада ўқилади

Туркманистонда президент сурати туширилган газеталарни «бемақсад ишлатиш» тақиқланди

Давлат ходимлари ва талабаларга мамлакат президенти ва унинг оила аъзолари сурати туширилган «газета саҳифаларини сақлаб қолиш» ҳақидаги мажбурият юкланди.

Фото: Global Look Press

Туркманистон ҳукумати давлат нашрлари устидан назоратни кучайтиришга қарор қилди, деб хабар берди «Озодлик» радиосининг туркман хизмати.

Қайд қилинишича, давлат ходимлари ва талабалар мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедов ва унинг оила аъзолари сурати туширилган «газета саҳифаларини сақлаб қолиш» ҳақидаги мажбуриятни имзолаган.

Нашр маълумотларига кўра, мансабдор шахслардан «расмли газета ва журналлар саҳифаларини сақлаб қолиш» талаб қилинган. Тақиқни бузганлик, масалан, газеталарни ўрама сифатида ишлатиш, олов ёқиш ёки ҳожатхона қоғози сифатида фойдаланиш оқибатида фуқаролар ишдан бўшатилиши мумкин.

Нашрнинг таъкидлашича, давлат хизматчилари ва талабалар ҳар йили давлат газета ва журналларига обуна бўлишга мажбурланади.

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилотига кўра, Туркманистон матбуот эркинлиги рейтингида доимий равишда охирги ўринларда туради. 2024 йилда мамлакат 180 мамлакат ичида 175-ўринни эгаллади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид