Жамият | 16:12 / 05.03.2020
6258
3 дақиқада ўқилади

Божхона тўловларини четлаб ўтишга бўлган уринишлар фош бўлди

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Амалдаги тартибларга кўра, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган “ЕВРО 4” ва ундан ортиқ стандартларга мос келадиган юк ташиш ҳамда махсус мақсадларга мўлжалланган моторли транспорт воситаларини импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатига киритилган.

Бироқ божхона тўловларини тўламаслик мақсадида хорижий мамлакатдан олиб келинган техникаларнинг экологик даражасини нотўғри кўрсатишга уриниш ҳамда товарларнинг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодларини ўзгартириш каби навбатдаги қонунбузарлик ҳолатлари божхона ходимлари томонидан фош этилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Тошкент товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан хориждан пойтахтда фаолият юритаётган корхона номига келган 7 дона “Кон самосвали - HOWO 6x4” транспорт воситаларини божхона юк декларацияси ва юк кузатув ҳужжатлари асосида божхона кўригидан ўтказилди. Натижада корхона томонидан тақдим этилган ҳужжатларда товарнинг ташқи иқтисодий фаолият номенклатураси коди ҳамда экологик даражаси “ЕВРО 4” кўрсатилгани божхоначилар эътиборини тортди ва автотранспорт воситалари белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилди. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг хулосасига кўра мазкур автотранспорт воситалари “ЕВРО 4” эмас, балки “ЕВРО 2” экологик даражасига мос келиши маълум бўлди.

 Натижада божхона тўловларидан имтиёз нотўғри қўлланилишининг олди олиниб, давлат бюджетига қўшимча 4,7 миллиард сўм божхона тўловлари ҳисобланди.

Шунингдек, Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари қўшни мамлакатдан “Сирдарё” чегара божхона пости орқали юртимизга кириб келган фуқаро У.А.нинг бошқарувидаги “DAF” русумли юк автотранспорт воситаси ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

 Ушбу автотранспорт воситасининг юкхонасида юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, умумий қиймати 181,5 миллион сўмлик 3 дона “Камаз” юк автомашинаси қисмларга ажратилган ҳолда яширилганлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид