Жаҳон | 22:50 / 05.03.2020
10818
2 дақиқада ўқилади

«Жаҳон йил автомобили» танловининг финалчилари маълум бўлди 

“Жаҳон йил автомобили” (World Car of the Year) танлови ташкилотчилари танловнинг асосий ва қўшимча йўналишлари бўйича финалга чиққан моделларни маълум қилишди. Финалчи автомобиллар турли давлатлардан бўлган ва автомобиллар оламини ёритувчи 86 нафар журналист орасида овоз бериш натижаларига кўра танлаб олинган.

Фото: Worl Car Awards

Жорий йилда асосий йўналишда ғолиблик учун Kia Telluride, Mazda3 ва Mazda CX-30 моделлари даъвогарлик қилади. Бундан ташқари, “Шаҳар автомобили”, “Ҳашаматли автомобил”, “Спорт автомобили” ва “Энг яхши дизайн” йўналишларида ҳам ғолиблар аниқланади. Аввал энг экологик автомобил учун берилган мукофот тугатилган.

Жумладан, энг яхши шаҳар автомобили номи учун Kia Soul EV ва Mini электрокарлари ҳамда Volkswagen T-Cross кроссовери курашади. “Ҳашаматли автомобил” йўналишида ғолиблик учун Mercedes-Benz EQC электрокроссовери, Porsche 911 спорткари ва Porsche Taycan электромобили синашади. Энг яхши спорткар номи учун Porsche: 911, Taycan ва 718 Boxster GT4/Cayman GT4 даъвогарлик қилади. 

Ва ниҳоят, энг яхши дизайн йўналишидаги мукофот Peugeot 208, Mazda3 ёки Porsche Taycan моделларидан бирига насиб қилади. 

Шу тариқа Porsсhe’нинг илк электромобили Porsche Taycan уч номинацияда, жумладан асосий йўналишда ғалабага даъвогарлик қилмоқда. Ғолиблар апрелда маълум қилинади. 

2019 йилда танловда Jaguar I-Pace электрокари ғалаба қозонган.

Аввалроқ Европадаги йил автомобили маълум қилинганди. Бу номга Peugeot 208 хэтчбеги сазовор бўлди.

Мавзуга оид