Жаҳон | 20:21 / 05.03.2020
4154
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда лотин ёзувига асосланган алифбонинг якуний варианти март ўрталарида тасдиқланади

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев 2017 йил 26 октябрда қозоқ алифбосини кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтказиш тўғрисида фармон имзолаганди. 

Фото: «Ztb.kz»

Қозоғистонда лотин ёзувига асосланган алифбонинг якуний варианти март ўрталарида тасдиқланади, деб маълум қилди мамлакат маданият ва спорт вазирлигининг тил сиёсати бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Одилбек Каба.

Унинг сўзларига кўра, қўмитага ҳозиргача алифбонинг 40дан ортиқ варианти келиб тушган бўлиб, олимлар улардан 30тасини кўриб чиққан. Натижада тўртта вариант танлаб олинган ва 4 февраль куни республика даражасида кўриб чиқилган.

"Маълумки, бизнинг тилимизда кўплаб кераксиз, ўзлаштирилган товушлар мавжуд. Лотин ёзувига ўтишдан асосий мақсадлардан бири айнан бир вақтлар тилимизга ўзимиз истамаган ҳолда кириб қолган кераксиз товушлардан қутулиш, тил софлигини таъминлашдир", - деди Каба.

Маълум қилинишича, 20 февраль куни олимлардан иборат ишчи гуруҳ ҳар бир вариантнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ягона вариантни маъқуллаган.

Кабанинг сўзларига кўра, 13 март куни олимлар иштирокида катта йиғилиш ўтказилиб, алифбонинг якуний варианти маъқулланади ва ҳукумат ҳамда миллий комиссияга тақдим этилади.

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев 2017 йил 26 октябрда қозоқ алифбосини кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтказиш тўғрисида фармон имзолаганди. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид