Жаҳон | 22:52 / 07.03.2020
118647
5 дақиқада ўқилади

Коронавирус қайд этилган мамлакатлар сони 100га яқинлашмоқда. Сўнгги маълумотлар

7 март ҳолатига кўра, дунё бўйлаб коронавирус билан касалланганлар сони 103 мингга яқинлашди. Коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилган мамлакатлар сони ошиб бормоқда. Охирги суткаларда вирус ЖАР, Сербия, Перу, Камерун, Того, Бутан ва Ватиканда қайд этилди. Коронавирус қайд этилган давлатлар сони 90дан ошди.

Фото: AFP

ЖССТ коронавирус билан мавсумий грипп ўртасидаги тафовутни тушунтириб берди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги турдаги коронавирус ва гриппни қандай қилиб адаштирмаслик мумкинлигини маълум қилди.

Маълум қилинишича, уларнинг ўхшаш жиҳатлари мавжуд бўлиб, ҳар икки касаллик нафас олиш органлари касалликларини келтириб чиқаради. Иккинчидан, вирус ҳаво-томчи йўли ва патоген микроорганизмлар мавжуд буюмлар орқали юқади. Шу боис қўлларни яхшилаб ювиш ва йўталган вақтда оғизни рўмолча билан тўсиш тавсия этилади.

Улар орасидаги тафовут эса тарқалиш тезлигининг турлича эканлиги. Грипп вирусида инкубацион давр узоқ эмас. У уч кунни ташкил этади, коронавирус чақирган касалликда эса ўртача беш-олти кун давом этади. Гриппда вирус юқиши асосан симптомлар пайдо бўлгунича содир бўлади, коронавирус эса «симптомларсиз юқиш»  хусусиятига эга. 

Коронавирусга чалинганлар ўртача 2-2,5 кишини зарарлаши мумкин. Яъни у грипп вирусига нисбатан камроқ одамни зарарлайди.

Грипп билан болалар кўпроқ оғрийди, коронавирусда эса катталар. 0дан 19 ёшгача бўлган ёш гуруҳида бошқа ёш гуруҳидагиларга нисбатан касалликка чалиниш паст. Хитойдан келган маълумотга кўра, касалликни катталарнинг болалардан юқтиришига нисбатан болаларнинг катталардан юқтириши кўпроқ.

Коронавирусдан ўлим ҳолати 3-4 фоизни ташкил этади. Мавсумий гриппда эса бу кўрсаткич анча паст.

Дунёдаги вазият

Италияда охирги суткаларда 49 киши вафот этган, жами вафот этганлар сони 197 кишига етган. Жами касалланганлар сони 4 636 нафар. Италия ҳукумати коронавирус эпидемияси мамлакат иқтисодиётини рецессияга олиб келишидан хавотирланмоқда. Италия демократик партияси етакчиси ва Лацио области губернатори Никола Дзингаретти ўзида коронавирус аниқланганини маълум қилди. Ундан ташқари, яна иккита шаҳар мэрида ҳам касаллик аниқланган.

Францияда касалликка чалинганлар сони 716 нафарга етди, 11 киши вафот этгани хабар қилинмоқда.

Чехияда коронавирус юқтирганлар сони 21 кишига етди. Маълум қилинишича, беморларнинг барчаси Чехия фуқароларидир.

Словения ва Хорватияда ҳам 12 нафардан кишида коронавирус аниқланди. Хорватия бош вазири Андрей Пленкович аҳолини ваҳимага тушмасликка чақирди. Шимолий Македонияда касаллик юқтириш билан боғлиқ учта ҳолат қайд этилди.

Норвегияда шанба куни ўрталарига келиб коронавирус юқтирганлар сони 136 кишига етди, бу бир сутка аввалги рақамга нисбатан ўттиз фоизга кўпдир. Жума куни 96 киши коронавирусга чалингани айтилганди.

Нидерландияда янги коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 188та ҳолат қайд этилди. Аввалроқ беморлар сони 128 нафарга етгани айтилганди, бир киши вафот этган.

Буюк Британияда эса 7 март ҳолатига коронавирусга чалинганлар сони 206 кишига етгани хабар қилинди. Жума куни Британия соғлиқни сақлаш вазирлиги беморлар сони 47тага ошиб, 163 нафарга етганини маълум қилганди.

Ҳиндистонда бир сутка ичида яна уч кишида коронавирус аниқланиб, жами беморлар сони 34 кишига етгани хабар қилинмоқда.

Шанба куни Вьетнамда касаллик юқтириш билан боғлиқ яна бир – 18-ҳолат қайд этилди.

Филиппинда соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда вазият эълон қилишга тайёргарлик кўрилмоқда. Хабар қилинишича, президент Дутерте бу қарорни маъқуллаган. Мамлакатда олти киши коронавирусга чалингани қайд этилган, аммо ҳукумат унинг тарқалиб кетишидан хавфсирамоқда.

Фаластин ҳукумати шанба куни Вифлеем туристлар ва зиёратчилар учун бутунлай ёпилганини эълон қилди. Айни вақтга келиб, Фаластинда янги коронавирус юқтириш билан боғлиқ 16та ҳолат тасдиқланган. Фавқулодда вазият режими доирасида барча мактаблар, боғчалар, институт ва университетлар ёпилган, ҳар қандай халқаро ва миллий анжуманлар бекор қилинган, йиғилиш ва митинглар ўтказиш тақиқланган.

Японияда бир сутка ичида 38 киши коронавирусга чалинди ва жами касалланганлар сони 1149 нафарга етди. Энг кўп касалланганлар Хоккайдо префектурасида бўлиб (98), бу ерда фавқулодда вазият режими жорий этилган. Бутун мамлакат бўйича 60 нафар беморнинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.

SCMP маълумотига кўра, бутун дунёда коронавирусга чалинганлар сони 102 969 кишини ташкил этмоқда, 3511 киши ушбу касалликдан вафот этган, 59875 киши тузалиб кетган.

Мавзуга оид