Жаҳон | 19:40 / 09.03.2020
12315
3 дақиқада ўқилади

Кобулда президент инаугурацияси ўтаётган вақтда портлашлар юз берди 

Кобулда Афғонистоннинг сайланган президенти Ашраф Ғанининг инаугурация маросими ўтаётган Арг саройи яқинида портлашлар юз берди. 

Фото: AP

Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар берди. Портлашлар Ғани инаугурациядан сўнг нутқ сўзлаётган вақтда содир этилган.  

Ашраф Ғани 9 март куни президент сифатида қасамёд келтирди ва ўз лавозимини бажаришга киришди.

“Ракеталардан бири боғ яқинига, иккинчиси Serena меҳмонхонаси яқинига тушган. 2 киши яраланган”, деб маълум қилган манбалардан бири.

Tolo news телеканалининг хабар беришича, снарядлардан бири Арг саройи автотураргоҳига тушиб, иккинчи вице-президент Дони Сарварнинг машинасига зарар етказган. 

Ғани миллий телевидение жонли эфирида барчани хавотирланмасликка чақирган. “Биз портлашлардан қўрқмаймиз. Жойингизда қолинг. Агар мен Афғонистон учун қурбон бўлишим керак бўлса, мен бунга тайёрман”, деб айтган Ғани.

Бу орада Арг саройи яқинидаги Сапедор саройида амалдаги бош вазир, президент сайловларида Ғанига асосий рақиб бўлган ва унга ютқазган Абдулла Абдулланинг президент сифатида инаугурация маросими бўлиб ўтган.

Абдулланинг қасамёд қелтириши маросимида унинг бир неча минг тарафдори, жумладан “Афғонистон ислом жамияти” партияси етакчиси Салоҳиддин Раббоний, “Афғонистон ислом партияси” етакчилари Карим Ҳалилий ва Муҳаммад Муаққиқ, парламент депутатлари, диний идоралар вакиллари иштирок этган. 

Афғонистонда 2019 йил 28 сентябрда ўтган президент сайловлари натижаларига кўра амалдаги президент Ашраф Ғани 50,64 фоиз овоз билан ғалаба қозонган. Унинг асосий рақиби Абдулла Абдуллага 39,52 фоиз сайловчилар овоз берган.

Бош вазир жамоаси бу натижаларга норозилик билдириб, миллий сайлов комиссияси биометрик тасдиққа эга бўлмаган 300 мингдан кўпроқ овозни Ғани фойдасига ноқонуний қўшиб ёзганини айтган.

Шунингдек, сайловлар натижаларини бошқа нуфузли афғон сиёсатчилари, жумладан собиқ президент Ҳамид Карзой, биринчи вице-президент Абдулрашид Дўстум, президент лавозимига яна бир номзод - Гулбиддин Ҳикматиёр ҳам тан олишдан бош тортган.

Шундан кейин Афғонистонда иккиҳокимлик юзага келган. Афғонистоннинг аксарият аҳолиси тожик ва ўзбеклардан иборат бўлган шимолий вилоятларида Абдулла янги президент деб тан олинган.   

Мамлакатнинг аксарият аҳолисини пуштунлар ташкил этувчи жанубий вилоятларида эса Ашраф Ғанининг ғалабаси нишонланган. 

Мавзуга оид