Фан-техника | 10:30 / 10.03.2020
36062
15 дақиқада ўқилади

Смартфонни қандай танлаш керак?

Операцион тизимдан тортиб аккумулятор сиғимигача — телефон харидидан аввал эътибор қаратиш зарур бўлган жиҳатлар.

Фото: Лайфҳакер

Операцион тизим
Смартфон танлаш ҳақидаги суҳбатларда кўпинча операцион тизимлар ҳақидаги тортишувларга дуч келамиз. Android ва iOS тарафдорлари кўп йиллардан буён бир-бирларига қайси ОТ яхшироқлигини исботлашга беҳуда уриниб келишади.

Android’нинг асосий афзаллиги шундаки, унинг бошқарувида ҳар қандай бюджет ва талабга мос келувчи юзлаб моделдаги ускуналар ишлайди. Агар маблағ чекланган бўлса, оддийроқ таснифдаги нисбатан арзон смартфонни сотиб олиш мумкин.

Агар пулдан муаммо бўлмаса, дўконлардан етакчи ички тузилмага эга кўплаб ажойиб флагманларни топиш имконияти бор. Техник қобилиятлар, сифат ва нарх орасидаги тенгликни истаган фойдаланувчилар учун эса ўрта синф қурилмалари мавжуд.

iPhone’лар ҳақида гапирадиган бўлсак, улар орасида на бюджет туридаги ва на ўртача нархдаги ускуналарни учратамиз. iOS’да ишловчи барча смартфонларни қўрқмасдан премиал сегментга киритиш мумкин. Етарли маблағи бор инсонлар учун ушбу жиҳат харид жараёнини фақат осонлаштиришга хизмат қилса, бошқалар учун жиддий тўсиқ бўла олади.

Android’нинг iOS’га нисбатан афзалликлари орасига шунингдек, кенг эркинлик ва фойдаланишга мослашувчанликни киритиш мумкин.

Аммо бу устунлик жуда шартлидир: бир қатор фойдаланувчиларга кўпинча дастлабки созламаларсиз қулай тизим керак.

Навбат iOS смартфонларининг устунлигига. Барча iPhone’лар ишлаб чиқарилган кундан бошлаб бир неча йил давомида кафолатланган мунтазам тизим янгиланишига эга бўлади. Apple бу вақт давомида дастурий муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилади ва янги функциялар қўшиб боради.

Android ускуналарга келадиган бўлсак, уларнинг аксарияти тизим янгиланишини катта кечикиш билан қабул қилади ёки умуман янгиланмайди. Бундай гаджетлардаги дастурий таъминот заифликлари ва камчиликлари ҳисобга олинмайди. Шунинг учун бирор Android смартфонини сотиб олишдан аввал, ишлаб чиқарувчи веб-сайтидан ускуна ОТнинг қайси версиясигача янгиланиши мумкинлигини текшириб кўрган маъқул. Унинг учун мавжуд бўлган энг сўнгги версия қанчалик янги бўлса, шунча яхши.

iPhone ҳолатида эса тизим янгиланишлари билан боғлиқ муаммолар фақат эски ускуналарда юзага келади.

iOS’нинг кейинги устунлиги — яхши оптимизация. iPhone учун дастурий таъминот ва қўшимча қурилмалар битта компания томонидан ишлаб чиқилади, шунинг учун иккала компонент мукаммал даражада ўзаро мос келади. Ва ҳеч қандай бошқа ишлаб чиқарувчи iOS фаолиятига аралашмайди. Шунингдек, iPhone моделларининг ўзи ҳам унчалик кўп бўлмагани сабабли, дастур ишлаб чиқарувчилари учун кодни оптималлаштириш қулайроқдир. 

Android билан вазият бошқача. Кўпгина брендлар ушбу ОТни ўз эҳтиёжлари учун ўзгартиришади: шахсий график қобиқлар, кўпинча кераксиз бўлган дастурлар ва турли функциялар қўшишади. Бу саводсизлик билан қилинса, ишлаш қулайлиги ва тезликка путур етади. Яхшиямки, бу каби ҳолатлар борган сари кам кузатилмоқда. Бундан ташқари, соф ва ҳар қандай ўзгартиришлардан холи Android версиясида ишлайдиган Google Pixel каби смартфонлар ҳам мавжуд. 

Экран габаритлари ва диагоналлари

Смартфон вазнига эътибор беришда маъно йўқ. Фарқ, қоидага кўра, 20-40 граммдан ошмайди ва бу қулайликка таъсир қилмайди.

Ҳозирда смартфоннинг қалинлиги ҳам муҳим эмас. Анчадан бери аксарият қурилмаларда бу параметр сантиметрдан ошмай қўйган. Структурани янада ихчамлаштириш фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиради, чунки бу муқаррар равишда кучнинг пасайишига олиб келади.

OnePlus 7T смартфони

Диагоналга келсак, барчаси сизнинг хоҳишингиз ва физиологиянгизга боғлиқ. Кўпгина фойдаланувчилар диагонали 5–5,5 дюймдан ошмайдиган смартфонни бир қўлда тутишда қулайлик сезиши мумкин. Аммо видео томоша қилиш ва интернетдан фойдаланишда бундай дисплей жуда кичиклик қилади.

Каттароқ қурилма сотиб олсангиз, уни ушлаб туриш унчалик қулай бўлмайди, аммо экран кўпроқ маълумотни намойиш қила олади. 

Ҳозирги вақтда экран атрофида минимал ҳошияли ёки умуман ҳошиясиз смартфонлар тобора кўпроқ ишлаб чиқарилмоқда. Шубҳасиз, бир хил экран ўлчамига эга иккита қурилмадан қайси бирида ҳошия ингичкароқ бўлса, ўшаниси қулай. Буни унутманг. 

Ўзингиз учун энг яхши вариантни танлаш учун харид олдидан смартфонни қўлингизда ушлаб кўринг. Шундагина унинг ҳажми сизга мос бўладими ёки йўқ, билиб оласиз.

Экран матрицасининг тури

Одамлар кунига бир неча соатни смартфон билан ўтказишади ва бу вақтнинг деярли ҳаммасида экранга тикилишади. Дисплей мобил қурилма билан ишлашда қулайлик даражасини белгилайдиган асосий элементдир ва шунинг учун у сифатли бўлиши керак. Бу кўп жиҳатдан матрицанинг турига боғлиқ — дисплейнинг технологик асоси шундай номланади.

Баъзи бюджет синфидаги қурилмаларда TN-матрицасини учратиш мумкин, у тасвирнинг паст сифати, шунингдек кўришнинг кичик бурчаклари билан ажралиб туради. Бироқ, ушбу технология аллақачон эскирган ва янада ривожланган IPS ва OLED’га алмаштирилмоқда. 

IPS матрицалари TN камчиликларига эга эмас ва мукаммал ранг бериш, юқори контрастлик ва 178 даражагача бўлган кўриш бурчакларига эга.

AMOLED-дисплейга эга Galaxy Note 10  — Samsung’нинг 2019 йилги флагмани

IPS муқобили сифатида, шунингдек органик LED дисплейлари сифатида ҳам танилган OLED экранларини кўриш мумкин (AMOLED, Super AMOLED). Улардаги ҳар бир пиксел ёруғлик манбаига айланади ва қўшимча ёритишни талаб қилмайди. Шу сабабли, OLED дисплейлари қора рангни етказиб бериш ишончлилиги бўйича тенгсиз, юқори контраст ва ёрқинликка эга, энергия сарфи жиҳатидан самарали ва катта кўриш бурчакларига эга. 

IPS ва OLED ўртасидаги танловда тўғридан-тўғри таққослаш ёрдам беради. Иккала смартфонни қўлингизга олиб, уларда бир хил видео ва бир нечта расмлар томоша қилинг — ҳаммаси ойдинлашади.

Экран ўлчамлари

Дисплей ўлчамлари — у ташкил топган пикселлар сонидан иборат. Айнан мана шу хусусият саводсиз одамларни ажратиш имконини беради.

Ишлаб чиқарувчилар техник таснифларда чиройли рақамларни кўрсатиш учунгина ушбу параметрни доимий равишда ошириб боришади. Аммо фойдаланишда бундан мантиқ кўринмайди. 2K ва 4K ўлчамлари ўртасидаги фарқни экранни кўзингизга яқинлаштирсангизгина сезишингиз мумкин. Бундан ташқари, 4K экран батарея қувватини тезроқ сарфлайди. Шундай қилиб, бундай юқори аниқлик учун ортиқча пул сарфламанг. 

Full HD’дан (1,080 × 1,920) 2K’гача (1,080 х 2340) ўлчамли қурилма танланг. Ушбу диапазон оптимал ҳисобланади. 

Камералар

Камералар билан боғлиқ вазият экран аниқлиги билан деярли бир хил: мегапикселлар сони сифат кўрсаткичи эмас. Яхши камера — бу қўйилган ва тўғри созланган қурилмавий ва дастурий тузилма мажмуидир. Шунинг учун бир хил сенсорли иккита смартфон фарқли суратга олади.

Афсуски, хусусиятларига кўра камера ҳаракатларини олдиндан айтиб бўлмайди. 

Агар сиз маълум бир смартфон қандай ажойиб, сифатли фотосурат ва видеолар суратга олишини билмоқчи бўлсангиз, фойдаланувчилар тармоққа жойлаган камера синовлари ҳақидаги видеолавҳаларни кўриб чиқинг. 

Бундан ташқари, смартфон танлашда камераларнинг тури ва сонига эътибор беринг. Гап ҳамма кўникиб бўлган селфи ва асосий фотомодулда эмас. Сўнгги пайтларда смартфонлар тобора турли хил тасвирлар учун мўлжалланган тўрт ёки ҳатто бешта камера билан жиҳозланмоқда.

Уч камерали iPhone 11 Pro Max

Смартфонингизда учратиш мумкин бўлган камералар турлари:  

  • Кенг бурчакли — стандарт универсал камералар.
  • Супер кенг бурчакли — кўпроқ жой эгаллайди, шунинг учун пейзажларни суратга олиш учун идеал.  
  • Телефото — масофаги объектларни суратга олиш учун.
  • TOF-камералари — объектгача бўлган масофани ҳисоблайдиган оптик сенсорлар. Улар ёрдамчи камералар сифатида ишлатилади, масалан, юзни таниш ва 3D эффектларини боғлаш учун.  

Қобиқ материали

Шиша билан қопланган орқа панел чиройли, аммо энг чидамли вариант эмас. Нозик материаллар тирналади ва синади, бундай ечимнинг эстетик қиймати бармоқларимизнинг ёғ чиқариш қобилияти билан ёпилиб кетади. Бармоқ излари билан батамом кирланган смартфонни томоша қилиш ва қўлда тутиш ҳаммага ҳам ёқимли эмас.

Пластмасса қўлга яхши ўрнашади, айниқса сирт текстураланган ёки каучукга ўхшаш таркиб билан қопланган бўлса. Бу арзон кўринади ва қичитиши мумкин, аммо эгилувчанлиги туфайли майда тушишларга бардош беради.

Xiaomi Redmi 7A — пластик корпусли ҳамёнбоп смартфон

Металл аллақачон премиум материал мақомини йўқотган. Хитойликлар алюминий қопламлар ишлаб чиқаришни ва энг бюджет моделлар учун ҳам уларни етказиб беришни ўрганишди. Қурилма янада мустаҳкам кўринади, лекин айни пайтда кўпроқ сирпанади. Металл иссиқликни яхши қайтаради, бу кучли ва қайноқ ўйин смартфонлари учун муҳимдир,  аммо совуқ ҳавода аккумуляторни тезроқ музлатиб қўяди.

Ҳар бир материалнинг ушбу афзалликлари ва камчиликларига эътибор беринг. Агар қўшимча «чехол» ишлатмоқчи бўлсангиз,  унда уларнинг аксарияти сиз учун рол ўйнамайди.

Аккумулятор

Ҳар қандай смартфоннинг энг заиф нуқтаси батарея зарядидир. Стандарт батареяли смартфон қуввати 2500-3000 мА/соат бўлади, туни билан тўлиқ зарядланган қурилма фаол фойдаланилганда кечгача зўрға «етиб боради».  

Агар тез-тез саёҳат қилсангиз; нарсаларни хусусан, қувватлагични унутиб қўйишга мойил бўлсангиз; бирор сабабга кўра розетка сиздан узоқда бўлса, батарея сиғими 3000 мА/соатдан ортиқ бўлган гаджет сотиб олинг. Android’да 4000 мА/соат ва ундан юқори кўрсаткичларга эътибор қаратиш яхшироқдир.  

Ҳар қандай батареяли смартфонга қўшимча ташқи аккумулятор сотиб олиш ҳам ақлли қарор бўлиш мумкин.

Процессор

Деярли барча замонавий смартфонлар ҳар қандай дастур ва оддий ўйинларни осонгина ишга туширишга имкон берадиган процессорлар билан жиҳозланган. Шунинг учун, кўпчилик фойдаланувчилар чипга эътибор қаратишмаса ҳам бўлади. Энг арзон қурилмалардан қочишнинг ўзи етарли.  

Аммо кичик бир фарқ бор: ёмон оптималлаштирилган тизим кучли ускуналарда ҳам муваффақиятсизликка учраши мумкин.

Агар оптималлаштиришга шубҳа қилсангиз ёки барибир бюджет қурилмасини танласангиз, сотиб олишдан олдин унинг ишлашини текширинг. Смартфонни қўлга олиб, дастур ва тизимлар тез ҳамда тўхталишларсиз ишлаётганига ишонч ҳосил қилинг. Агар бунинг иложи бўлмаса, ҳеч бўлмаганда тармоқдаги видеошарҳларда сизни қизиқтирган қурилманинг интерфейс ва иловаларни қандай акс эттираётганини кўздан кечиринг.

Агар ўйинлар хоҳласангиз, процессори кучлироқ смартфон танлашингиз керак. Муккасидан кетган мобил геймерлар анъанавий равишда сўнгги ёки ўтган йилги флагман моделларини танлашади. Самарадорлик бўйича етакчилар, iPhone’дан ташқари, одатда ҳозирги Exynos ва Qualcomm Snapdragon процессор моделларига асосланган смартфонлардир.  

Оператив хотира

2 GB тезкор хотирага эга қурилмалар кўп сонли дастурлар билан ишлашда секинлашиши мумкин. 4 GB’дан ошиқ ҳажм эса энг кўп сарфли ўйинлардан бошқа нарса учун зарур эмас. Агар улар сизни қизиқтирмаса, 3-4 GB оператив хотира сиз учун тўлиқ кифоя қилади. Аммо Android смартфон ишлаб чиқарувчилари бу миқдорни кундан-кунга ошириб, харидорларни кўпроқ сарфлашга мажбур қилишмоқда.

Сақлаш ҳажми ва хотира картаси тирқичи

Оптимал сақлаш ҳажми смартфондан нима учун фойдаланишингиз ва маълумотларни қандай сақлашингизга тўғридан-тўғри боғлиқ. 

Агар мусиқа тинглаш, видео томоша қилиш ва барча маълумотларни сақлаш каби қизиқишларингизни онлайн бажарсангиз, оғир ўйинлар ўрнатмасангиз ва иловалар шахсий жамланмасини тўпламасангиз, 16-32 GB хотира етарли бўлади.  

Акс ҳолда, қурилмада сақламоқчи бўлган маълумотларнинг тахминий миқдорига эътибор қаратишингиз керак.

Realme 3 Pro — хотира картаси бор ўрта тоифадаги смартфон

32 гигабайт ҳажмли ва хотира картаси учун тирқичга эга смартфон сотиб олиш олтин ечим бўлиши мумкин. Одатда, ишлаб чиқарувчилар сақлаш ҳажми оширилган моделларда нарх ёрлиғини сезиларли даражада кўтаришади. Худди шу ўлчамдаги хотира картаси эса анча арзонга тушади ва исталган пайтда уни бошқасига алмаштириш мумкин.

Смартфонни қўллаб-қувватлайдиган максимал хотира картасига эътибор беринг. 128 GB картани ўрнатишни хоҳлаган пайтингизда қурилма 64 GB’дан ортиқ ҳажмни кўтаролмаслиги мумкин. Бу каби ҳолат, айниқса, бюджет синфидаги смартфонларда кузатилади.

Сим карталар сони

Кўпгина смартфонлар бир вақтнинг ўзида иккита сим-карта билан ишлашлари мумкин. Ушбу имконият у ёки бу сабабга кўра жуфт рақамлардан фойдаланадиганлар учун ҳақиқий нажотдир.

Муаммо шундаки, кўпинча иккинчи сим-карта хотира картаси ўрнини эгаллайди.

3G, 4G (LTE) ёки 5G

2020 йилда икки мобил интернет стандартлари фаол. 3G тармоғи юқори тезликни таъминлайди, ҳатто видео узатиш учун ҳам етарли. 4G бу LTE номи билан ҳам танилган янада тезроқ симсиз интернет. Деярли ҳар бир замонавий смартфон иккала технологияни қўллаб-қувватлайди.

Бироқ, 5G қурилмалари аллақачон сотувда мавжуд. Ушбу стандарт тақдим этадиган маълумот узатиш тезлиги 4G кўрсаткичларидан ортади. Назарий жиҳатдан қараганда, сиз HD фильмларини бир неча сония ичида юклаб олишингиз мумкин.

Аммо технология эндигина жорий этилмоқда ва унинг кенг тарқалиши учун камида яна 2-3 йил кутиши керак. Шунинг учун, смартфонни нисбатан қисқа муддат учун сотиб олаётган бўлсангиз, 5G қўллаб-қувватлашига эътибор қаратиш мантиқий эмас - 3G ёки 4G етарли бўлади.

Юқоридаги ва бошқа моделдаги смартфонларни Shopme.uz интернет дўконидан харид қилишингиз мумкин. 

Мавзуга оид