Жамият | 22:29 / 10.03.2020
32703
2 дақиқада ўқилади

Яшнободда 3 қаватли кўприк қурилиши сабаб тирбандликлар кузатилмоқда. Йўл ўтказгич қачон битади?

Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги энг катта чорраҳалардан бири – Оҳангарон ва Паркент ҳамда Маҳтумқули ва Шарқий аэропорт кўчалари кесишмасида йўл ўтказгичи қурилиши якунланиш арафасида.

Фото: KUN.UZ

Бу – Ўзбекистондаги биринчи уч қаватли кўприк бўлади.

2018 йил май ойида бошланган қурилиш сабабли бир нечта йўллар вақтинча ёпилган. Натижада юзага келаётган тирбандликлар аҳоли ва ҳайдовчиларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Kun.uz мухбири қурилиш бораётган ҳудудда бўлиб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва «Кўприкқурилишлойиҳа» УК вакилларидан изоҳ сўради.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаевнинг сўзларига кўра, кўприк қурилиши сабабли кўчаларнинг ёпилиши ҳақида 5 март куни расмий эълон берилганига қарамай, кўплаб фуқаролар ижтимоий тармоқларга кирмаслиги сабабли тушунмовчиликлар учраб турибди.

Фурқат Маҳмудхўжаев

«Ҳақиқатда эрталаб ва кечқурунлари тирбандликлар пайдо бўлмоқда. Aлбатта, одамларда тирбандликларга нисбатан қувонч ҳисси пайдо бўлмайди. Охирги вақтгача кўчалар ёпилмаган эди. Лекин ишларни якунлаш учун кўчалар ёпилди. Бу – технологик жараён ва ундан қочиб бўлмайди. Фуқаролардан узр сўраймиз ва буни тушишларини ҳоҳлардик.

Бир ҳафталарда ишлар якунланиб, кўприк фойдаланишга топширилса, ноқулайликлар эсимиздан чиқиб кетади», дейди Фурқат Маҳмудхўжаев.

«Кўприкқурилишлойиҳа» УК кўприк қурилиш-таъмирлаш дирекцияси муҳандиси Зафарбек Aҳадовнинг фикрича, тирбандликлар юзага келишига асосий сабаб – аҳолининг аксарият қисми Тошкент шаҳри йўлларини билмаслигидир. «Чунки қўшимча йўллар бор», – дейди у.

Кўприкни пардозлаш ва унинг дизайни устида туркиялик мутахассислар иш олиб боряпти. Улар билан суҳбатлашганимизда кўприкнинг қурилишини юқори баҳолашди.

Мутасаддиларнинг айтишича, кўприк Наврўз байрамига очилади. Унгача эса тирбандликлар давом этади.

Шаҳар ҳокимлиги ва қурилишга бош бошқа ташкилотлар юзага келаётган тирбандликларни тўғри тушунишни сўради.

Маълумот учун, йўл ўтказгич соатига 21 мингта автомобилни ўтказиш имкониятига эга бўлади. Кўприк республика бюджети маблағлари ҳисобидан, 140 млрд сўмга қурилмоқда.

Раҳматилла Исроилов
Тайёрлаган Раҳматилла Исроилов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид