Жаҳон | 11:41 / 11.03.2020
8384
2 дақиқада ўқилади

АҚШ коронавирус хавфи сабабли Эронни америкалик маҳбусларни озод қилишга чақирди

АҚШ инсорпапварлик нуқтайи назаридан Эрон ҳукуматини коронавирус тарқалиши сабабли ўз турмаларида ноқонуний ушлаб турилган америкалик фуқароларни озод қилишга чақирди.

Фото: REUTERS/Morteza Nikoubazl

Бунга АҚШ давлат котиби Майкл Помпео ўз баёнотида чақирган.

“АҚШ Эронни инсонпарварлик нуқтайи назаридан Эронда ноқонуний ушлаб турилган америкаликларни дарҳол озод қилишга чақиради. Уларнинг тобора ёмонлашиб бораётган шароитларда ушлаб турилиши инсонийлик мезонларига зиддир. АҚШ америкаликлар ўлими учун жавобгарликни Эрон тузумига юклайди. Бунга жавобимиз қатъий бўлади”, деб айтилган Помпеонинг баёнотида.

АҚШ давлат котибининг таъкидлашича, Эрон турмаларида коронавирус тарқалгани ҳақидаги хабарлар чуқур хавотир уйғотади ва барча америкаликларнинг тўлиқ ва дарҳол озод қилинишини талаб қилади. “Эрон тузуми коронавирус эпидемияси сабабли яқинда 70 минг маҳбусни озод қилди ва шу билан афв эта олиши ҳамда раҳм-шафқат кўрсатиша олишини намойиш қилди. Бироқ у бир неча америкаликни бесабаб ва ҳеч қандай асоссиз ноқонуний ушлаб турибди”, деб қўшимча қилган Помпео.

АҚШ давлат котибининг таъкидлашича, Эронга коронавирус эпидемияси ортида гуманитар ёрдам беришни ўйлаётган ҳар қандай давлат Эрон томонидан ҳам инсонпарвар ҳаракат кўрсатилиши – ноқонуний ушлаб турилган икки фуқароликка эга шахслар ва хорижликларнинг озод қилинишини кутиб қолади. 

Мавзуга оид