Жаҳон | 19:52 / 11.03.2020
5757
2 дақиқада ўқилади

Италия ҳукумати коронавирусга қарши курашга 25 млрд евро ажратишга қарор қилди

Италия ҳукумати коронавирус эпидемияси оқибатларини бартараф этиш учун 25 млрд евро ажратишга қарор қилди. Пуллар бирданига сарфланмай, коронавирус эпидемияси билан боғлиқ қийинчиликларни енгиш учун босқичма-босқич ажратиб борилади.

Фото: AFP

Бу ҳақда Италия бош вазири Жузеппе Конте маълум қилди.  

“Биз ақлбовар қилмас сумма – 25 млрд евро ажратмоқдамиз. Улар бирданига сарфланмайди”, деб маълум қилган Конте.

Дастлаб гап 7,5 млрд евро ажратилиши ҳақида борган, бироқ ҳукумат суммани оширишга қарор қилган.

Ҳукумат 13 мартгача 12,5 млрд евролик биринчи пакет ажратилишини маъқуллаши режалаштирилган. Қолган сумма эса қўшимча чоралар учун захиралаб қўйилади. 

Амалдорлар пулларни эпидемия туфайли киритилган чекловлар вақтида вақтинчалик ишсиз қолганларга ёрдам, кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш кафолат жамғармасига, обороти 25 фоизга камайиб кетган компанияларга компенсация тўлаш учун йўналтиришни муҳокама қилишмоқда. Шунингдек, ипотека ва кредитлар бўйича тўловларга мораторий киритиш имконияти кўриб чиқилмоқда.  

10 март куни бутун Италия бўйлаб умуммиллий карантин жорий қилинди. Мамлакатда мактаблар, олий таълим муассасалари, маданий муассасалар ёпилди, оммавий тадбирлар бекор қилинди, ресторанлар ва барлар одатдагидан аввалроқ ёпилади. Фуқароларга жамоат жойларида бир-бирларидан бир метрдан кўпроқ масофада сақланиш ҳамда имкони бўлса, уйдан ишлаш тавсия қилинган.

Мавзуга оид