Ўзбекистон | 11:28 / 11.03.2020
4973
2 дақиқада ўқилади

Судларда ишлар автоматлаштирилган тизим орқали тақсимланади 

“Судлар тўғрисида”ги қонун янги модда билан тўлдирилди

Фото: KUN.UZ

Президент “Суд ишларини юритиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Унга кўра, амалдаги “Судлар тўғрисида” қонун янги 69-1-модда (Судьялар ўртасида ишларни тақсимлаш) билан тўлдирилди. Унга кўра, судларда ишлар судьяларнинг иш ҳажми ва ихтисослашуви ҳисобга олинган ҳолда, судьялар ўртасида ишларни тақсимлашга суд муҳокамаси натижасидан манфаатдор бўлган шахсларнинг таъсир кўрсатиши истисно этиладиган тартибда, автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда тақсимланади. Судларда ишларни автоматик тарзда тақсимлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати томонидан тасдиқланади.

Шунингдек, мазкур қонун билан “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонунининг 18-моддаси биринчи қисмидаги  хўжалик юритувчи субъект томонидан талабномани олган кундан бошлаб унга жавоб қайтариши шарт бўлган муддат бир ойдан ўн беш кунга қисқартирилди.

Бундан ташқари, мазкур қонун билан Фуқаролик ва Иқтисодий процессуал кодекслари, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги ҳамда Солиқ кодексларининг тегишли моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. 

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид