Жаҳон | 07:56 / 12.03.2020
11779
3 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Италияда савдо тўхтатилди. АҚШнинг 24 штатида фавқулодда ҳолат эълон қилинди  

Италияда коронавирус тарқалиши хавфи сабабли дорихоналар ва биринчи эҳтиёждаги буюмлар сотилувчи дўконлардан ташқари, бутун тижорат тўхтатилди. Шунингдек, АҚШнинг 24 штати ва пойтахт Вашингтонда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. 

Фото: REUTERS/Guglielmo Mangiapane

“Мен саъй-ҳаракатларингизни қадрлайман. Бироқ кейинги қадамни қўйиш вақти келди. Биз дорихона ва озиқ-овқат дўконларидан ташқари, барча тижоратни, савдо пунктларини ёпмоқдамиз”, деб айтган Италия бош вазири Жузеппе Конте.     

Шунингдек, бутун мамлакат бўйлаб ресторан ва барлар ёпилади. Шу билан бирга таомларни уйга етказиш мумкин бўлади. 

Жамоат транспорти, банк, почта, суғурта ва молия компаниялари ишлашда давом этади.   
 
Фабрикалар барча эҳтиёт чораларига амал қилинган ҳолда очиқ қолади. Қишлоқ хўжалиги фаолияти ҳам кафолатланади.

Конте иш берувчиларни ходимларини таътилга чиқаришга ва масофадан ишлашни ташкиллаштиришга чақирган. 

Маълум қилинишича, юқорида айтиб ўтилган чоралар 25 мартгача киритилади.

10 март кунидан Италияда қатъий карантин чоралари, жумладан аҳолининг заруратсиз ҳаракатланишига тақиқлов амал қилмоқда.

Италияда бир кун ичида коронавирусга чалинганлар сони 2 мингни, вафот этганлар сони 196 нафарни ташкил қилди. Касалланганларнинг умумий сони 12 мингдан ошиб кетди, қурбонлар сони 827 нафарни ташкил қилмоқда.

Бу орада коронавирус эпидемияси туфайли АҚШнинг 24 та штати ва пойтахт Вашингтонда фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

11 март куни 4 та штат - Аризона, Нью-Мексико, Луизиана, Арканзас ҳамда пойтахт Вашингтон, Колумбия округида фавқулодда ҳолат киритилиши эълон қилинган. 

Аввалроқ фавқулодда ҳолат Мичиган, Вермонт, Шимолий Каролина, Массачусетс, Колорадо, Оҳайо, Иллинойс, Род-Айленд, Нью-Джерси, Орегон, Нью-Йорк, Пенсильвания, Кентукки, Индиана, Мэриленд, Калифорния, Флорида, Вашингтон ва Ҳавайи штатларида эълон қилинганди.

Колумбия округи аҳолига минг ва ундан кўпроқ кишилик оммавий тадбирларни бекор қилишни тавсия қилган.

Фавқулодда ҳолат режими мажбурий карантин киритиш ва инқироз вақтида нархни оширишга уринувчи сотувчиларни қонунан таъқиб қилиш имконини беради.

Охирги маълумотларга кўра, АҚШда коронавирусга чалинганлар сони 1237 нафарни ташкил қилмоқда, улардан 37 нафари вафот этган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид