Жамият | 21:52 / 13.03.2020
21059
8 дақиқада ўқилади

«Аёлни иккинчи даражада кўришимиз – камчилигимиз». Азиза Шоназарова билан суҳбат

АҚШнинг энг нуфузли олийгоҳларидан бўлган Колумбия университетига профессорлик лавозимига қабул қилинган ўзбек олимаси Азиза Шоназарова ― «Ўзбекойим»нинг навбатдаги меҳмони.

Азиза Шоназарова бакалавр таълимини Тошкент давлат шарқшунослик институтида шарқ фалсафаси бўйича олган. Шарқшунослик институти, Польшадаги Варшава университети, АҚШнинг Индиана-Блумингтон олийгоҳида магистратура босқичида ўқиган.

Дунёнинг етакчи таълим муассасалари ― Оҳайо, Манчестер, Варшава, Иллинойс, Сорбонна, Бонн, Пекин университетлари билан илмий ҳамкорлик олиб боради. АҚШнинг Индиана-Блумингтон, Стенфорд олийгоҳлари, Британиянинг Оксфорд университети Исломшунослик марказида маърузалар ўқийди.

У гендер масалалари ва ислом дини, Марказий Осиё тарихида аёлларнинг ўрни, сўфийлик мавзуларида илмий тадқиқотлар олиб борган. Сўфи аёлларнинг йирик вакили, бухоролик Ҳазрат Оғойи Бузруг ҳақидаги китоби чоп этилиш арафасида.

«Мен докторантурани базўр инглиз тилида ва 10 ойли чақалоғим билан бошладим. Бугун эса докторантурани 8 ёшли қизим, энг юқори GPA (баҳо кўрсаткичи), Оксфорд ҳамда Питтсбург университетларидан postdoc учун таклиф билан битиряпман. Матонат ва меҳнат билан барча нарсага эришиш мумкинлигига мен ҳам бир мисолман».

Азиза Шоназарованинг Индиана-Блумингтон университетини битирганда сўзлаган нутқидан.

― Илмий тадқиқот йўналишларингиздан бири «Гендер ва Ислом» мавзуси ҳисобланади. Ўзбекистонда аҳолининг аксарияти ислом динига эътиқод қилади. Яқин вақтлардан бошлаб гендер тенглиги тушунчаси бизга ҳам олиб кирила бошланди. Ўз навбатида, ислом ва гендер бир-бирига зид келадиган тушунчалар, ислом етакчи бўлган мамлакатда гендер тенглигини ўрнатиш мумкин эмас, деган фикрлар ҳам ўртага чиқди. Ислом гендер тенглигига қандай қарайди?

― Исломда гендер масаласи бўйича бир неча муслима олималар томонидан нуфузли китоблар чоп этилган. Булар қаторига Ҳарвардда дарс берадиган Лейла Аҳметни, Фатима Мирниси, Амина Вадудларни санаб ўтиш мумкин.

Улар ўз китобларида ислом олами учун гендер масаласи зид эмаслигини ёзишади. Гендер тенглиги Қуръони Каримнинг ўзида намоён эканлиги ҳақида жуда ҳам кўп тадқиқотлар олиб боришган.

Менимча, бу ҳақда биз [кўпроқ] гапиришимиз керак. Ўз динимизда гендер тенглик концепцияси мавжуд ва буни кўпчилик, афсуски, билмайди. Бу ҳақида кўпроқ илмий ишлар ёзишимиз керак. Жамоатчиликка етказиб бериш ― бизнинг вазифамиз.

― Ўзбекистон ҳукумати гендер масаласи бўйича ташкилий ишлар олиб боряпти. Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия тузилди, Сенат таркибида қўмита ҳам ташкил этилди. Шу жараёнларни кузатиб боряпсизми, ҳукумат тўғри йўлдан боряптими, сизнингча? Жараённи қандай баҳолайсиз?

 ―  Гендер тенглигини таъминлаш масаласи Ўзбекистонда давлат миқёсига чиқишини оламшумул гап, деб ўйлайман. Бу ҳақида жаҳон ҳамжамияти унчалик ҳам билмайди, афсуски. Масала давлат сиёсати даражасига чиқди. Бу соҳада кўпроқ нарсалар қилишга кенгроқ имкониятлар беради.

― Ўзбекистон жамиятида аёлларнинг ролини қандай баҳолайсиз?

― Афсуски, аёллар ожиза, товуқмия деган гаплар қонимизга сингиб кетган. Аёлларни иккинчи даражада кўришимиз, уларга тўлиқ имкониятлар яратиб бермаслигимиз менталитетдаги камчилигимиздир.

Тарихимизга назар ташлаб кўрсак, кўплаб биз билмайдиган муслима, олима аждодларимиз мавжуд. Масалан, Ҳазрат Оғойи Бузруг. Тасаввуф илмининг ривожига Марказий Осиёда катта ҳисса қўшган олималардан бири. Оғойи Бузругдан ташқари ҳам бир қатор олималаримиз мавжуд. Бу нимани кўрсатади? Ўрта асрларда олималар етишиб чиққан жамият бизники бўлган бўлса, нега ҳозирги 21-асрда шундай олималар етишиб чиқмаслиги керак?

Ўзимизнинг тарихимизни яхшилаб ўрганиш, у ҳақида кўпроқ тарғиботлар қилиш бўйича ишлашимиз керак.

―  Аёллик мажбуриятлари ва илмни бирга олиб бориш осон эмас. Айни шу даражага етишда ўзингизда муҳим рол ўйнаган хусусият сифатида нимани айта оласиз?

― Аёл киши учун оила қургандан кейин илм билан шуғулланиш осон эмас, тўғри айтдингиз. Масалан, ўзим ҳам докторантурани 10 ойлик чақалоқ билан бошлаганман. Лекин илмга бўлган қизиқишим, ҳеч нарсага чалғимаслигим, шу қаторда оиламни ҳам биринчи навбатдан туширмаслигим мен учун муҳим бўлган.

Менимча, аёл оиласи билан бирга илм ҳам қила олади. Агарки мен АҚШда туриб ҳеч қандай ёрдамсиз, фақатгина турмуш ўртоғимнинг ёрдамига ишониб, ўзимнинг ўзбек тилимда эмас, инглиз тилида бу ишни қила олган бўлсам, Ўзбекистонда, ўзбек тилида, шунча қариндошлари ва ёр-дўстлари бўлиб турган жойда, нега ўзбек аёли илм қила олмайди?

Менимча, бу мумкин. Аёлларга илм қилиш учун ўзларида салоҳият борлигига уларни ишонтиришимиз керак.

Аёл киши оилали бўлиб ҳам илм билан шуғулланиши мумкин. Бунинг учун интизомли бўлиш керак, биринчи навбатда. Иккинчи навбатда, илмни ҳам ташлаши керак эмас. Инсон хоҳласа, барча нарсага улгуради. Ва бу барча аёлларнинг қўлидан келади.

Мен АҚШда туриб, чет тилида илм қила олган бўлсам, ўзимизнинг Ўзбекистонда туриб илм қилиш учун аёлларнинг имкониятлари кўп.

― Ҳукумат таълим тизимини ўзгартиришга ҳаракат қиляпти. Лекин ҳали катта силжишни кўрганимиз йўқ. Ҳақиқий сифатли таълимга эришиш учун нима қилиш керак, биринчи навбатда?

― Менимча, бу катта ишлар қилишни талаб этмайди. Талабаларга китобга меҳр қўйишни ўргатишимиз керак.

Менимча, биз китобдан йироқлашдик, китоб бизнинг энг яқин дўстимиз эканлигини яна ўзимизга эслатишимиз керак. Аждодларимиз фақатгина қўлларида қалам ва китоб билан шу даражага эришишган. Ҳозир ҳам китобсиз бу даражага етишиб бўлмайди. Кичик ёшдан каттагача, хусусан, талабаларимизга, ўқувчиларимизга ўргатишимиз керак. Бусиз, менимча, илгари силжимаймиз.

Саодат Абдураҳмонова суҳбатлашди
Тасвирчи - Отахон Юсупов.

P.S. Ижтимоий тармоқда «Азиза Шоназарованинг Колумбия университети профессорлик лавозимига қабул қилингани ёлғон», мазмунида миш-мишлар тарқатилди. Бунга ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик.

Азиза Шоназарованинг профессорликка қабул қилингани ҳақида илк хабар «O’zbekoyim» телеграм каналида берилган эди. Канал муаллифи Ҳилола Назирова ўзи берган хабарнинг ҳаққонийлигини билдирди.

Шоназарованинг Ўзбекистондаги тадбирларда иштирокини ташкиллаштирган Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова ҳам ўзбек олимасининг ҳақиқатан университет профессорлигига қабул қилингани, фактлар текширилганини тасдиқлади.

Колумбия университети расмий сайтида Шоназарованинг лавозими ҳақида берилган маълумот

Худди шу Колумбия университетида фаолият олиб борувчи яна бир ўзбек олими Акрам Ҳабибуллаев Шоназарованинг профессорликка қабул қилинганини тасдиқлаб, «Assistant Professor» лавозимининг мазмунини қуйидагича изоҳлади:

«Азиза Шоназарова умрбод профессор бўлгани ёлғон, бор-йўғи у профессор ассистенти (ёрдамчиси) экан, деган хабар ижтимоий тармоқларда тарқаб кетган эмиш. Бу нотўғи хабар. Аслида, Америка олий таълим тизими, ундаги илмий даражалар ва лавозимларни тушунмаслик натижасидир.

Азиза assistant professor лавозимига тайинланди. Бу лавозим, сўзма-сўз «ёрдамчи профессор» деб таржима қилинса-да «профессорнинг ёрдамчиси» деган маънони англатмайди.

АҚШ олий таълим тизимида профессорлик лавозими асосан уч даражадан иборат: ассистент профессор (assistant professor), ассошайт профессор (associate professor) ва фулл профессор (full professor). Докторликни энди қўлга киритган ёш мутахассис одатда ассистент профессор даражасида ишга тайинланади. 6-7 йил муваффақиятли ишлагандан кейин эса ассошайт профессорлик даражасига кўтарилади. Яна 6-7 йил ўтгандан кейин, хоҳласа фулл профессорликка ҳужжат топширади, хоҳламаса, ассошайт профессор бўлиб, ишлашда давом этади».

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид