Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳиндистон визаларга ҳам чеклов қўя бошлади, Ўзбекистон ТИВ бу мамлакатга бормасликни тавсия қилди
Ҳиндистон ҳукумати COVID-19 тарқалишининг олдини олиш мақсадида виза бериш тартиби бир ойга муддатгача тўхтатилишини эълон қилди.
BBC news хабарида маълум қилинишича, чет эл фуқаролари учун денгиз орқали бериладиган визасиз кириш тартиби ҳам 15 апрелга қадар бекор қилинган.
Бу эса, ўз навбатида, туризм, меҳмонхона ва авиация соҳаларига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди.
Ҳукумат ҳозирча фақатгина дипломатик, расмий, лойиҳавий ишлар доирасида визалар тартиби амалда сақланиб қолинишини маълум қилган.
Шунга қарамай, ҳатто рухсат берилганлар ҳам 14 кунлик карантинда сақланиши мумкинлиги айтиб ўтилган ҳамда фуқаролардан иложи борича чет эл сафарларига чиқмасликлари уқтирилган.
«Ҳиндистонда ўз фуқароларини оммавий тарзда карантинда сақлаш имкони мавжуд эмас ва Хитой каби кўп сонли одамларни касалхонага ётқизиши эҳтимолдан анча йироқ», дея таъкидлаб ўтган BBC мухбири Соутик Бисвас.
Деҳли шаҳри бош вазири Aрвинд Керивал шаҳарда барча мактаблар, коллежлар ва кинотеатрлар вирус тарқалишини назорат қилишга ёрдам бериш учун 31 мартга қадар ёпиқ бўлишини маълум қилган.
Ҳиндистон Тиббий тадқиқотлар кенгаши вакили Гангакҳедкар мамлакатда текширув билан боғлиқ ишлар секинлик билан олиб борилаётгани тўғрисидаги гап-сўзлар асоссизлигини айтиб ўтган.
«Миллий вирусология институти кунига 2 мингдан ортиқ текширувларни ўтказишга қодир. Бироқ биз сўнгги бир ой ичида 6000та текширувни амалга оширдик. Демак, бизнинг имкониятларимиз кўп», – деган у.
Шунингдек, у мамлакатда қайд этилган коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолатини аниқлай олмаганликлари ҳақидаги даъволар тўғрисидаги гап-сўзларни рад этган: «Бу нотўғри. Бизнинг кузатув тизимимиз кучли ва биз ҳар қандай симптоматик касалланган беморларни тезда аниқлай оламиз».
- Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирга келиб, мамлакатда 81 кишида вирус ҳолатлари аниқланган. Яқин кунларда вирусга чалиниш ҳолатлари ортиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ҳиндистонга боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилди.
«Ўзбекистоннинг Деҳли шаҳридаги Элчихонаси берган маълумотга кўра, Ҳиндистон ҳукуматининг қарори билан COVID-19 коронавируси тарқалишининг олдини олиш мақсадида 2020 йилнинг 13 мартидан 15 апрелигача чет эл фуқароларига янги визалар бериш ва аввал берилган визаларнинг амал қилиши тўхтатиб қўйилди. Бундан дипломатлар ва БМТ ходимлари мустасно.
Шу билан бирга, 2020 йил 15 февралдан кейин Хитой, Италия, Эрон, Корея Республикаси, Франция, Испания ва Германияга борган барча шахслар Ҳиндистонга келишлари билан 14 кунлик карантинга жойлаштириладилар.
Шу муносабати билан Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларига ўта зарурат бўлмаса Ҳиндистонга боришдан тийилиб туришни тавсия қилади», дейилади вазирлик хабарида.
Ўзбекистоннинг Деҳли шаҳридаги элчихонасининг телефон рақамлари: (+9111) 24670774, 24670775, 24105640.