Ўзбекистон | 13:21 / 13.03.2020
12059
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда пиёз экспорти тўхтаб қолгани йўқ - «Ўзбекозиқовқатхолдинг»

 "Ўзбекозиқовқатхолдинг" компанияси экспорт тўхтатилгани учун Ўзбекистонда пиёз нархи тушиб кетгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан ўрганиш олиб борди 

Фото: Getty Images

 Компаниянинг маълум қилишича, жорий йилнинг 3 март санасидан Ўзбекистонда пиёз экспорти тўхтаб қолгани йўқ. Билдирилишича, мазкур сана ва умуман, жорий йил бошидан мамлакат ташқи бозорга ушбу маҳсулотни узлуксиз етказиб беришда давом этмоқда. 
 
Қайд этилишича, январь-февраль ойлари давомида 40 754 тонна пиёз экспорт қилинган. Март ойининг 10 санасигача бўлган муддатда эса 6 752,7 тонна пиёз Афғонистон, АҚШ, Болгария, Ироқ, Грузия, Беларусь, Молдова, Кипр, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Эрон давлатларига экспорт қилинган.
 
Таъкидланишича, Ўзбекистон ички ва ташқи бозорларга етарли даражада пиёз етказиб бериш салоҳиятига эга. "Ўзбекозиқовқатхолдинг" компанияси  томонидан пиёз экспорт географиясини янада кенгайтириш бўйича зарур  чоралар кўрилаётгани айтилади. Жорий йилдан Ўзбекистон пиёзи учун  Эрон, Покистон, Тожикистон каби янги бозорлар очилгани билдирилган.

“Шунингдек, компания деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган пиёз маҳсулотларини ташқи бозорларда харидорларини топиш учун ёрдам кўрсатиб келмоқда”, - дейилади хабарда.

Мавзуга оид