Жаҳон | 23:38 / 13.03.2020
7119
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда масжидларга тиббий ниқобларда келиш тавсия қилинди 

Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармаси коронавирус эпидемияси ортида  намозхонларга масжидларга тиббий ниқобларда келишни ва жамоат намозларига болаларни олиб келмасликни тавсия қилди. 

Фото: РИА Новости / Илья Питалев

Аввалроқ бошқарма ўткир респиратор вирус инфекциясининг илк аломатларида шифокорга мурожаат қилиш ва жамоат жойлари, жумладан масжидларга ташриф буюрмасликка чақирган. 

“Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармаси мусулмонларни режалаштирилган тадбирлар ва тантаналарни имкони борича қисқартириш ёки бошқа санага кўчиришга чақиради. Жамоат намозини ўқигандан кейин қўл сиқишиб сўрашишдан қочиш, одамлар тўпланиб қолишига йўл қўймаслик зарур”, дейилган бошқарма сайтида. 

Бошқарма намозхонларга масжидларга тиббий ниқобда келишни, уйда таҳорат олишни, намоздан кейин масжидда ушланиб қолмасликни, жамоат намозларига балоғатга етмаганлар билан келмасликни тавсия қилган. 

“Кекса ёшлилар, беморлар ва аёллар жамоат намозларида қатнашмасликлари мақсадга мувофиқ бўлади”, деб қўшимча қилинган хабарда.

Аввалроқ Қозоғистонда коронавирусга чалиниш бўйича илк ҳолатлар қайд этилгани маълум қилинди. Қозоғистонга Германиядан қайтган эркак ва аёлда ҳамда Москва орқали Миландан келган аёлда вирус аниқланган.  

 

Мавзуга оид