Жамият | 21:29 / 13.03.2020
2860
2 дақиқада ўқилади

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида болаларга молиявий кўмак берувчилар манфаати ҳисобга олинмаган – Ногиронлар жамияти

Бугун, 13 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказилди. Унда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 2020 йилда режалаштирилган фаолияти ҳисоботи тингланди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Шу қаторда матбуот анжуманида бир қанча бошқа масалалар муҳокама этилди. Ногиронлар жамияти раиси ўринбосари Ойбек Пўлатов ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларига берилаётган молиявий кўмак беришда солиқ имтиёзлари олиб ташланганини айтиб ўтди.

«Айни вақтда ногиронлиги бор болаларга молиявий кўмак берувчи қатор НТТлар (нодавлат-нотижорат ташкилотлар) бор. Улар давлатнинг ижтимоий кўмак бериш функциясини ўз зиммасига олган ҳолда даволанишга муҳтож болаларга ёрдам беришяпти. 1 апрелдан кучга кирувчи янги таҳрирдаги Солиқ кодексида НТТлар болаларга молиявий кўмак беришда солиқ имтиёзлари олиб ташланди (амалдаги Солиқ кодексида бу имтиёзлар бор). Эндиликда НТТлар моддий ёрдам бераётганда маълум миқдордаги давлат солиғини тўлашлари керак бўлади. Бу ҳолат НТТлар ёпилишигаям олиб келиши мумкин. Эски тизим сақлаб қолинишини таклиф қилган бўлардим», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова ҳам ушбу масалага муносабат билдирди. У бу масала айти вақтда жуда долзарблигини қайд этиб ўтди.

«Ижтимоий тармоқларда 30 нафар бола кимёвий даволаниш ололмаётганлиги ҳақида хабар берилди. НТТлар ёрдам беролмаяпти, чунки молиявий кўмак беришдан олдин солиқларни тўлаш керак. Масалани ҳал қилиш учун ҳар томонлама ўрганиш ишларини олиб бориш керак. Онкологик, қандли диабет, гематология касалликларига чалинган болаларга кўмак беришда имтиёзлар йўқ. Бу масалани кўтаришни режалаштирганмиз», деган у.

Мавзуга оид