Ўзбекистон | 08:45 / 14.03.2020
2813
5 дақиқада ўқилади

«Электр энергетика сектори салоҳиятини ривожлантириш» инвестиция лойиҳаси амалга оширилади

“Электр энергетика сектори салоҳиятини ривожлантириш” (2-босқич) инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари қабул қилинади

Фото: Getty Images

Вазирлар Маҳкамасининг “Электр энергетика сектори салоҳиятини ривожлантириш” (2-босқич) инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17-20 декабрь кунлари Японияга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ўртасида имзоланган қарз битимига асосан “Электр энергетика сектори салоҳиятини ривожлантириш” (2-босқич) инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасига 10 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган, қайтариш муддати 30 йил бўлган JICAнинг 36 621,0 млн. япон иенаси миқдоридаги имтиёзли маблағлар ҳисобидан амалга оширилади;

“Навоий иссиқлик электр станциясида 478 МВт қувватга эга бўлган буғ-газ қурилмасини қуриш”, “Тошкент иссиқлик электр марказида юқори самарали когенерацион газ турбинаси технологиясини жорий этиш ҳисобига энергия ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш”, “Навоий иссиқлик электр станциясини 450 МВт қувватга эга бўлган иккинчи буғ-газ қурилмасини қуриш орқали кенгайтириш”, “Наманган вилоятида Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиши” инвестиция лойиҳалари доирасида “Mitsubishi Hitachi Power Systems Ltd.” (Япония) компанияси томонидан ишлаб чиқарилган буғ-газ қурилмалари ўрнатилиб, фойдаланилмоқда;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 16 июлдаги ПҚ–3857-сон қарорига мувофиқ халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш доирасида солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим қилиниши ва институционал ривожланиш лойиҳалари учун лойиҳанинг техник-иқтисодий асослануви ишлаб чиқилиши талаб этилмайди;

лойиҳанинг амалга ошириш муддати 7 йил (2020-2026 йиллар) этиб белгиланган.

Белгиланишича:

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ лойиҳанинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш юзасидан масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;

“Навоий иссиқлик электр станцияси” АЖ, “Тошкент иссиқлик электр маркази” АЖ, “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси” УК JICA томонидан ажратилган қарз маблағларидан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши юзасидан масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;

JICAнинг қарзини қайтариш, шу жумладан, фоизларни тўлаш, комиссия тўловлари ва бошқа харажатлар билан боғлиқ тўловлар “Навоий ИЭС” АЖ, “Тошкент ИЭМ” АЖ, “Тўрақўрғон ИЭС” УК маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

“Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” акциядорлик жамияти JICA томонидан ажратилган қарздан фойдаланиш учун “MUFG Bank, Ltd” (Япония) банки билан банклараро битимни тузади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси номидан лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси, “Миллий банк” АЖ ва “Навоий ИЭС” АЖ, “Тошкент ИЭМ” АЖ, “Тўрақўрғон ИЭС” УК ўртасидаги қарздан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги агентлик битимини тузади.

Бутловчи буюмлар, материаллар, эҳтиёт қисмлар, ускуналар, буғ-газ қурилмалари учун асбоб-ускуналарни етказиб бериш ва таъмирлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида, техник хизмат ва консультация кўрсатиш бўйича, истисно тариқасида, тендер савдоларини ўтказмасдан:

“Навоий ИЭС” АЖга “Mitsubishi Hitachi Power Systems Ltd.” (Япония) ва “Mitsubishi Corporation” (Япония) компаниялари билан;

“Тошкент ИЭМ” АЖга “Mitsubishi Hitachi Power Systems Ltd.” ва “ITOCHU Corporation” (Япония) компаниялари билан;

“Тўрақўрғон ИЭС” УКга “Mitsubishi Hitachi Power Systems Ltd.” ва “Mitsubishi Corporation” компаниялари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат этилади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги “Иссиқлик электр станциялари” АЖ “Mitsubishi Hitachi Power Systems Ltd.” (Япония) компанияси билан Ўзбекистон Республикасида эҳтиёт қисмларини, бутловчи буюмлар ва буғ-газ қурилмалари деталларини босқичма-босқич ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритади.

“Ўзстандарт” агентлиги “Навоий ИЭС” АЖ, “Тошкент ИЭМ” АЖ, “Тўрақўрғон ИЭС” УК томонидан олиб келинаётган бутловчи буюмлар, материаллар, эҳтиёт қисмлар, асбоб-ускуналарни ўз вақтида сертификатлаш ишларини амалга оширилишини таъминлайди.

Лойиҳанинг амалга оширилиши доирасида, агарда республикада тегишли аккредитация-синов лабораториялари мавжуд бўлмаган тақдирда истисно тариқасида импорт қилинаётган бутловчи буюмлар, материаллар, эҳтиёт қисмлар, асбоб-ускуналар мажбурий сертификатланишидан озод этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид