Ўзбекистон | 09:29 / 14.03.2020
10366
3 дақиқада ўқилади

Иш берувчилар қатор имтиёзларга эга бўлади

Илк маротаба иш ўринларини яратиш ва бандликни таъминлаш борасидаги фаолияти учун иш берувчини рағбатлантириш аниқ белгилаб берилмоқда

Фото: Depositphotos

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарида бир қатор муҳим қонун лойиҳаларини такомиллаштириш юзасидан муҳокамалар ўтказилмоқда, дейилади парламент сайтида.

Қайд этилишича, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасида иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланаётган янги таҳрирдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳам шулар жумласидан. 

Ишчи гуруҳи йиғилишлари давомида қонун лойиҳаси сиёсий партиялар фракцияларининг вакиллари, қўмита аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ходимлари ва тегишли мутасадди ташкилот вакиллари иштирокида юқори талабчанлик руҳида қизғин муҳокама қилинди.

Муҳокамалар давомида амалдаги қонунда мавжуд бўлмаган бир қатор янги қоидалар киритилди. Илк маротаба иш ўринларини яратиш ва бандликни таъминлаш борасидаги фаолияти учун иш берувчини рағбатлантириш, аҳолининг иш билан бандлиги давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, жумладан, субсидиялар, грантлар ва имтиёзли кредитларнинг ажратилиши, иш берувчиларнинг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишдаги иштироки аниқ белгилаб берилмоқда.

Ходимнинг меҳнат хавфсизлигини таъминлашни назарда тутган янги қоида сифатида киритилаётган аутстаффинг агентликлари тўғрисидаги норма депутатлар томонидан чуқур муҳокама этилди. Ушбу норма депутатлар ва мутахассислар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар яъни, норасмий ишсизларни камайтириш учун янги механизмни жорий қилиш нуқтаи-назаридан келиб чиқиб қонун лойиҳасида қолдирилди.

Шунингдек, шаҳар ва туманлардаги бандликка кўмаклашиш марказлари фаолиятини кенгайтиришга ва масъулиятини кучайтиришга қаратилган бир қатор моддалар киритилди. Меҳнат органлари томонидан ишсиз ва банд бўлмаган аҳолига кўрсатилаётган хизматлар турлари кенгайтирилди, шунингдек, ишсиз деб эътироф этиш, ишсизлик даврида ижтимоий кафолатлар ва компенсация бериш тартиблари қайта кўриб чиқилди ва соддалаштирилди. Банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш, фаол иш қидираётган ишсизларга нафақа тайинлаш ва тўлаш шартлари батафсил, ҳаволаки нормаларсиз баён этилди.

Қонун лойиҳасида иш берувчиларнинг мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисидаги ахборотларни ўз вақтида тақдим этиб бормаслиги юзасидан тегишли жавобгарлик белгиланмоқда.

Ишчи гуруҳи йиғилишлари давомида қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида депутатлар муҳокамасига киритишга қарор қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид