Жаҳон | 22:25 / 16.03.2020
30984
2 дақиқада ўқилади

Путиннинг президентлик муддатларини ноллаштириш таклифи қонунга мослиги тасдиқланди. Бунинг учун икки кун етарли бўлди

Россия конституциявий суди Россия президенти Владимир Путинга президент сайловларида яна иштирок этишга имкон берувчи тузатмалар ҳақидаги қонун лойиҳасини конституцияга мувофиқ, деб топди. Ҳужжат президентга йўлланади ва у бўйича шикоят қилиб бўлмайди. 

Фото: EPA

Конституциявий суд конституцияга киритилиши режалаштирилган ва кучга кириши учун овоз беришдан ўтиши кўзда тутилган барча тузатмаларни маъқуллаган.

Суд президент ваколатлари муддатларининг ноллаштирилиши мумкинлигини тан олган ва 1998 йил президент Борис Ельцинга учинчи муддатга сайланишни тақиқлаган бу масаладаги аввалги позицияни бекор қилган.  

Суд Путинга 2024 йилда президент сайловларида иштирок этишга рухсат берувчи тузатма 1993 йилда конституция қабул қилинганда бўлмаган “махсус шарт”ни ўз ичига олганини таъкидлаб ўтган.

Энди барча таклиф қилинган тузатмалар умуммиллий овоз беришга бир пакет билан қўйилади, яъни россияликлар барча тузатмаларга бирваракайига қарши чиқишади ёки уларни қўллаб-қувватлашади.

Овоз бериш 22 апрелга белгиланган. Ҳозирча Кремлда овоз беришни коронавирус эпидемияси сабабли бошқа санага кўчириш режалаштирилмаётгани айтилган.

Конституциявий судга ушбу таклифларни кўриб чиқиши учун улар президентга танишиш учун берилгандан кейин 2 кун кифоя қилган. Бунгача суд фақатгина президентнинг Қримни Россия таркибига қўшиб олиш ҳақидаги келишувни маъқуллаш ҳақидаги сўровини бундай тезкор тартибда кўриб чиққан.

Путиннинг президентлик муддатларини бошқатдан ҳисоблаш таклифини 10 март куни давлат думаси депутати Валентина Терешкова конституцияга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш вақтида таклиф қилган.

Путин ўз навбатида бу тузатмаларга конституциявий суд томонидан маъқулланса рози бўлишини айтган.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков президентнинг бунга рози бўлишини дунёдаги мураккаб вазият билан тушунтирган.

“Бундай мураккаб йилларда ҳокимиятнинг барқарорлиги, қатъиятлиги, изчиллиги катта аҳамият касб этади. Кўринишича, Терешкова таклиф берганда шунга таянган ва Путин унинг бу далилига рози бўлган”, деб айтган Песков. 

Мавзуга оид