Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ибрат қанот ёймоқда: Сурхондарёдан шахсий машиналар, Қашқадарёдан эса «катта»ларнинг хизмат машиналари талабаларни олиб келади
Аввалроқ, Фарғона вилоятидан ҳайдовчилар Тошкент шаҳрида таҳсил олаётган талабаларни бепул қайтараётгани эълон қилинганди.
Бугун сурхондарёлик бир неча фуқаро Тошкентдан талабаларни бепул олиб келиш учун ўз машинасида йўлга чиқмоқда. Бу савоб ишга қўшилувчилар сони ортиб боряпти.
Ана шундай савобталаб ҳайдовчилардан бири Жамшид Баҳромов билан телефон орқали суҳбатлашдик.
«Ангор туманида яшайман. Институтларда ўқиш вақтинча тўхтатилгач, талабаларимиз Тошкентдан келолмаётгани ҳақида интернетда ўқиб қолгандим. Дарров уларга ёрдам бериш фикри туғилди. Бу орада Сурхондарёдаги айрим такси ҳайдовчилар шу ишга қўл ураётгани, ижтимоий тармоқларда ўз телефонларини қолдираётганини кўриб мен ҳам талабалар кўриб қолар деган умидда телефон рақамимни тарқатдим (биз ҳам Жамшид Баҳромовни ана шу рақамдан топдик — таҳририят). Тез орада 7 киши бўлдик. Кечага ундан ҳам ошсак керак. Эрталабгача насиб этса Тошкентга етиб бориб талабаларни беминнат олиб келамиз», — дейди у.
Қашқадарёда эса энди вилоят, туман ҳокимликлари, бошқармалар хизмат машиналари ҳам шу мақсад учун Тошкентга йўл олмоқда.
Аввалроқ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан талабалар бепул уйларига етказилиши ҳақда хабар берилганди.
Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz’га хабар беришича, вилоят ҳокимлиги, корхона ва ташкилотларнинг ҳам хизмат автомобиллари бу ишга жалб этилган.
Шу мақсадда 20 та автобус, 4 та микроавтобус ва 100 га яқин енгил автомобиллар тўпланган. Талабалар ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъуллари ҳамроҳлигида Тошкентдан олиб келинади.
Мазкур хабар эълон қилиниши олдидан ибрат олса арзийдиган яна қатор маълумотлар етиб келмоқда.
Бойсун туманидан тадбиркор Жасур Раҳмонов шу вақтгача 700 сўмдан сотаётган тухум маҳсулотини талаб ошгани боис 600 сўмдан сотишни бошлаган. Жарқўрғонлик дорихоналардан бири эса шу кунларда 1200 бўлиб турган ниқобларни тўплаб 1000 сўмдан сотишни йўлга қўйган. «Жарқўрғон барака чеварлари» МЧЖ ходимлари эса деҳқон бозорида 20 мингта тиббий ниқоб тарқатишаётгани айтилмоқда.
Мавзуга оид
09:56 / 24.03.2026
Ўзбекистонда таксичиларни алдашнинг янги фирибгарлик усули фош этилди
08:03 / 20.03.2026
Инфографика: дунёнинг йирик шаҳарларида такси нархи
16:46 / 17.02.2026
Электромобил эгалари машинасини қувватлашда субсидия олади
10:51 / 22.01.2026