Uzcard: фирибгарликдан ҳимояланиш учун оддий қоидалар
Айни вақтда бутун дунё бўйича бир миллиарддан ортиқ банк карталари мавжуд ва бугунги кунда бу товарлар ҳамда хизматлар учун ҳақ тўлашнинг энг қулай воситаси бўлиб, чекланмаган миқдорда пул маблағларини олиб юриш учун тенгсиз воситадир. Банк карталари молиявий восита сифатида мунтазам такомиллаштирилмоқда, уларни қўллаш соҳалари ҳамда хизмат кўрсатиш кўлами кенгаймоқда. Деярли ҳар иккинчи пластик карта фойдаланувчиси улардан пул маблағларини сақлаш мақсадида фойдаланади. Аҳоли учун пластик карта ҳисоби бўш пул маблағларини назорат қилиш ҳамда бошқаришнинг қулай усулига айланди.
Бироқ, турли оммабоп маҳсулотлар сингари банк карталари ҳам, айниқса пул муомаласи соҳасида, афсуски, ноқонуний тажовузлар нишонига айланди. Интернет тармоғидаги фирибгарлик энг долзарб масала бўлиб қолмоқда. Жиноятчилар онлайн-дўконларда харидларни амалга ошириш мақсадида карта маълумотларини оладилар. Энг муҳим жиҳати шундаки, аксарият банк карталари билан боғлиқ фирибгарликка дуч келиш ҳолатлари карта эгаларинниг бепарволиги ёки хавфсизликнинг асосий қоидаларини билмасликлари туфайли келиб чиқмоқда.
Эмитент-банклар пластик карталар хавфсизлигини максимал даражада оширишга ҳаракат қилмоқдалар. Уларни ишлаб чиқариш ҳамда ишлатишда фойдаланиладиган ҳимоя технологиялари мунтазам такомиллаштирилмоқда. Бу эса барча учун, яъни ҳам банклар, ҳам карта эгалари учун фойдалидир. Бироқ, агар фойдланувчи уни ишлатиш қоидаларига риоя қилмаса, банклар банк картасидан фойдаланиш хавфсизлигини кафолатлай олмайди. Ҳамиша шуни ёдда тутиш керакки, ҳар қандай касалликни даволагандан кўра уни олдини олган афзалроқ. “Ноқулай” ҳолатларга тушиб қолмаслик ҳамда карта ҳисобидаги пул маблағларингиз хавфсизлигини таъминлаш учун вақти-вақти билан ушбу оддий қоидаларни кўздан кечириб туришингизни тавсия этамиз:
- ПИН-кодни эслаб қолинг ва ҳеч кимга айтманг, энг муҳими, бундай маълумотларни картанинг орқа томонидан сақламанг. Банкларда Сизга кодни ўйлаб топиш имкониятини берадилар ва шу жойнинг ўзида уни код ўқийдиган қурилмага киритишингиз мумкин, зинҳор уни овоз чиқариб айтманг. ПИН-код нимани англатиши фақатгина карта эгасининг ўзига маълум бўлиши керак!
- Ҳар доим карта ҳисобидаги пул маблағлари баланси ҳамда уларнинг “моддий” мавжудлигини назорат қилинг. Картани жамоат жойлари (автомобил, ишхона)да қолдирманг.
- Баланснинг ўзгариши ҳамда карта ҳисобидан амалга оширилган ҳар бир операция ҳақида хабар берувчи SMS-хабарнома хизматини уланг (ҳатто пуллик бўлса ҳам). Шу тартибда, сиз ҳар доим ҳисобингиз ҳолатини кузатиб боришингиз ва шубҳали операциялар содир бўлган тақдирда ўз вақтида чоралар кўришингиз мумкин.
- Агар ҳисобдан пул маблағи ечиб олиш хавфи вужудга келганда, зудлик билан банкка қўнғироқ қилиб, карта фаолитини музлатиб қўйишингиз керак бўлади.
- Ҳеч кимга ва ҳеч қачон картангиз маълумотларини берманг. Фирибгарларнинг кенг тарқалган ҳийла-найрангларидан бири маълум бир банк хизмати номидан ишончсиз маълумотларга эга SMS-хабарларни юбориш, масалан, телефон рақами эгасининг картаси музлатиб қўйилганлиги тўғрисида огоҳлантиради ва маълум бир рақамга қайта қўнғироқ қилиш керак бўлади. Шу ёки бошқа сабабларга кўра маълумотларни солиштириб кўриш мақсадида карта тури, амал қилиш муддати, ПИН-кодларини сўрайдилар, ҳатто карта ҳисобидаги қолдиқ пул маблағларигача ҳам аниқлик киритадилар. Махфий маълумотларни олгандан сўнг, фирибгарлар Интернет орқали операция амалга оширишлари ёки почта орқали буюртмалар беришлари мумкин. Шунинг учун, фақат бир нарсани ёдда тутиш кифоя. Банклар ҳеч қачон тасдиқлашни сўрамайдилар, айниқса Интернет орқали – бу фирибгарлар иш схемаси. Ҳеч ким! Ҳар қандай ҳолатда сиздан банк картангизга оид махфий маълумотларни сўрашга ҳаққи йўқ!
Банк сизга фақат карта ҳисобидан пул маблағлари ечиб олинганда ва ҳисоб тўлдирилгандагина SMS-хабар юборади. Сиз амалга оширмаган хатти-ҳаракатлар тўғрисида, банк ёки тўлов тизими номидан Сизга юборилган шубҳали мурожаатлар тўғрисида SMS-хабарлар олинганда, дарҳол бу ҳақда хизмат кўрсатувчи банкка хабар беринг. Карта операцияларида тасдиқлаш учун Сиздан банк картангиз маълумотларини, кодларини ва SMS орқали келган бир марталик паролларни киритиш ёки тақдим этиш талаб этилганда эҳтиёт бўлинг.
6. Интернет орқали тўловларни амалга ошираётганингизда Сиздан CVC хавфсизлик коди – имзо учун жойнинг ўнг томонида, карта рақамларининг охирги тўртта рақамининг ўнг томонида жойлашган учта рақамли кодни киритишни талаб қилишади. Бу маълумотлар браузер, компьютер ва бошқа гаджетлар хотирасида сақланиб қолмаслиги учун, карта эгаларини қўшимча ҳимоя қилиш учун амалга оширилади. Уланиш учун ишончли деб тан олинмаган шубҳали ресурсларга CVC ва CVV хавфсизлик кодини киритмаслик керак.
Агар Сиздан картани сканерлаш талаб этилса – картанинг код жойлашган қисмини қоғоз билан ёпиб қўйинг, акс ҳолда ўз пул маблағларингизни хавф остига қўясиз!
Ҳурматли пластик карта эгалари ҳушёр бўлинг ҳамда карталарингиздан хавфсиз фойдаланишнинг асосий қоидаларига риоя қилинг, шунда Сизнинг пулларингиз бутунлиги ва хавфсизлиги таъминланади.
Реклама ҳуқуқи асосида