Жаҳон | 22:32 / 18.03.2020
11350
2 дақиқада ўқилади

Олмаота тўлиқ ёпилади – шаҳарга кириш ва ундан чиқиш тақиқланади     

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида 22 мартдан кириш-чиқиш учун тўлиқ ёпилади.

Фото: Lucky

“Олмаота вилоятида яшовчиларга мурожаат қилмоқчиман: сизда шаҳарни тарк этиш учун 72 соат бор. Олмаоталиклар тўлиқ изоляцияда қолишлари керак. 22 мартдан барча блокпостлар ёпилади”, деб айтган Олмаота акими ўринбосари Ерлан Кожагапанов. 

Шунингдек, шаҳарда 22 мартдан авиаалоқа ва темир йўл қатновлари тўхтатилади. 

“Халқаро рейслар бекор қилинмайди: биз уларни қабул қиламиз, бироқ қандайдир босқичда чекловлар киритамиз”, деб аниқлик киритган Кожагапанов.

Шунингдек, шаҳардан чиқиш ва унга кириш тақиқланади. Бу тақиқлов яқин атрофдаги ҳудудларнинг Олмаотада ишловчи аҳолисига ҳам тааллуқли бўлади. Иш берувчилар ҳозирданоқ бундай ишчиларни иш ҳақи сақланадиган таътилга жўнатишмоқда ва уларга масофадан ишлаш режимини жорий қилишмоқда.

Олмаота аҳолисидан осойишталикни сақлаш ва имкони борича уйларидан чиқмаслик, карантин чоралари, санитар-гигиеник дезинфекция ишлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ишига қаршилик қилмаслик сўралган.  

Аввалроқ маълум қилинганидек, 19 мартдан Олмаота ва пойтахт Нур-Султон карантинга ёпилади. Айни вақтда Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 36 нафарни ташкил қилмоқда. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид