Ўзбекистон | 08:41 / 20.03.2020
7533
2 дақиқада ўқилади

Жисмоний шахсларнинг хайрия ташкилотларидан оладиган маблағлари солиқдан озод этилади

2020 йил 1 апрелдан жисмоний шахслар томонидан хайрия ташкилотларидан моддий наф тарзида олинадиган даромадлар солиқдан озод қилинади

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси президенти “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 1 апрелдан жисмоний шахслар томонидан хайрия ташкилотларидан моддий наф тарзида олинадиган даромадларни солиққа тортишдан озод қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ҳафта муддатда мазкур бандда белгиланган имтиёзни 2020 йил 1 апрелдан амалга киритишни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш, шунингдек, уларнинг ставкаларини камайтириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколати берилган.

Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига фаолияти туризм соҳасига бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини 30 фоизга камайтириш тавсия қилинди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш бўйича фоизларни ундирмасдан 6 ойга кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тақдим этсин. Бунда, кўрсатиб ўтилган солиқларни тўлашни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) солиқ тўловчиларнинг аризаси, шунингдек, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги ҳудудий бошқармалари раҳбарларининг хулосалари асосида, бошқа ҳужжатларни талаб қилмаган ҳолда тақдим этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид