Ўзбекистон | 21:10 / 20.03.2020
9631
2 дақиқада ўқилади

Маданият вазири мажлислар сонини кескин чеклаш талаби билан чиқди

Маданият вазири Озодбек Назарбеков республикадаги карантин ҳоати туфайли маданий таълим муассасаларида бўладиган ўзгаришлар хусусида маълум қилди.

Унга кўра, Маданият вазирлиги тасарруфидаги таълим муассасалари кафедраларида профессор-ўқитувчиларнинг 50 фоизгача ва бошқа ходимларнинг функционал вазифалари ҳамда тоифаларидан келиб чиққан ҳолда меҳнат таътили бериш тавсия этилади.

«Бунда, биринчи навбатда, вояга етмаган фарзандлари бўлганлар ҳамда катта ёшдаги педагогларга меҳнат таътили бериш мақсадга мувофиқ. Меҳнат таътилига чиқмайдиган профессор-ўқитувчилар таълим муассасасининг ўқув методик ҳужжатларини такомиллаштириш, ўқув жараёнини кредит-модул тизимига ўтказиш бўйича тегишли ҳужжатларини тайёрлаш, ўқув жараёнининг масофавий шаклини жорий этиш мақсадида фанлар бўйича электрон ўқув ресурсларини ишлаб чиқиш ва илмий-тадқиқот ишларига жалб этилади», дейди ўз баёнотида Озодбек Назарбеков.

«Таълим муассасаларида мажлислар сонини кескин чеклаш ҳамда иштирокчилар сонини 10-15 нафардан оширмаслик лозим. Ҳужжатлар ҳаракатининг максимал равишда электрон шаклга ўтказилиши таъминлансин. Муассасалараро таълим ва ички оммавий тадбирлар ўтказилишига йўл қўйилмасин. Бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган тадбирлар, мажлисларга профессор-ўқитувчилар ва ходимларни ваколатли ташкилот раҳбарининг расмий қарори (буйруғи) бўлмаган ҳолда жалб этиш тақиқланади», дейилади вазир баёнотида.

Баёнотда кўрсатилишича:

вазирлик тасарруфидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб-интернатлари ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактабларининг ўқитувчилари ҳамда концертмейстерларига 2020 йилнинг 18 мартидан «Меҳнат кодекси»да белгиланган навбатдаги меҳнат таътили ҳисобидан ўқувчиларнинг таътил вақтида меҳнат таътили бериш тавсия этилади.

Маданият вазирлиги тасарруфидаги барча маданият муассасаларидаги ижодий тўгараклар вақтинча ўз фаолиятини тўхтатади. Болалар мусиқа ва санъат мактабларида таълим олиш учун тўланадиган тўловлар карантин даврида дарс бўлмагани ҳисобига қайта ҳисоблаб чиқилади.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид