Ўзбекистон | 19:30 / 20.03.2020
36065
3 дақиқада ўқилади

Uzbekistan-GTL: Чўл ўртасида бунёд этилаётган энг тоза ёқилғи ишлаб чиқарувчи муҳташам завод — видео

Ўзбекистондаги энг қиммат ишлаб чиқариш объекти Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида 135 гектар майдонда амалга оширилаётганидан хабарингиз борми? Kun.uz мухбири бу заводда бўлиб, олиб борилаётган қурилиш ишлари ва ишлаб чиқариш режалари билан яқиндан танишди.

UZBEKISTAN GTL лойиҳасига узоқ 2009 йилда асос солинган. Турли сабабларга кўра кейинга сурилиб келган лойиҳа 2016 йилда жонланди ва мана энди битиш арафасида.

Бу завод ишга тушса «Сасол» технологияси бўйича табиий газ суюқ ёнилғига айлантирилади. Худди шундай GTL ёнилғиси ишлаб чиқарувчи заводлар Жанубий Африка Республикаси, Малайзия ва Қатарда барпо этилган. Қашқадарёдагиси — жаҳондаги бешинчи завод бўлади.

Завод айни пайтда қарийб 85 фоизга битказилган. Заводда фойдаланилаётган 11 мингдан зиёд жиҳозлар ва технологик ускуналар жаҳоннинг 24 та давлатидаги 129 та заводда тайёрланган. Улар денгиз йўли орқали портларга, темир йўл ва автотранспортларда қурилиш майдонига келтирилган.

Лойиҳа нуфузли хорижий қурилиш, консалтинг, молия ва суғурта компаниялари кўмагида амалга оширилмоқда.

Жумладан, Сингапурнинг Enter Engineering, Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering, Hyundai Engineering & Construction лойиҳа пудратчиларидир.

Лойиҳа Жанубий Африканинг SASOL, Даниянинг HALDOR TOPSOE ва АҚШнинг Chevron энергетика компанияларининг лицензион технологияларига асосланади.

Кўплаб хорижий компаниялар лойиҳанинг маслаҳатчилари бўлиб турибди. Бош маслаҳатчи Буюк Британиянинг нефть ва газ саноатига ихтисослашган TechnipFMC компаниясидир.

Лойиҳанинг умумий қиймати 3,61 миллиард АҚШ доллари бўлиб, унинг 33 фоизи «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг ўз маблағлари, қолган қисми Хитой, Корея ва Россия Федерацияси банк ва компанияларининг инвестициясидир.

Завод ишга тушса ҳар йили 735 минг тонна дизель ёнилғиси, 311 минг тонна авиакеросин, 431 минг тонна нафта, 50 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади.

Завод ишлаб чиқарган Евро-5 стандартидаги сунъий суюқ ёнилғи OLTIN YO‘L GTL савдо маркаси остида реализация қилинади.

GTL ёнилғиси оддий дизелдан рангсизлиги, ҳидсизлиги ва тозалиги билан фарқ қилади.

Бу ерда ишлаб чиқарилган GTL ёнилғиси ва авиакеросин Ўзбекистонда ва хорижий бозорларда реализация қилинади. Талаб ва таклифга қараб GTL ишлаб чиқаришни камайтириб, авиакеросин ишлаб чиқаришни кўпайтириши мумкин.

Айни пайтда завод қурилишида 10 минг 500 дан зиёд ишчилар ва мингга яқин қурилиш техникаси хизмат қилмоқда. Улар орасида хориждан келган ишчилар ҳам бор. Завод ишга туширилгач, 1300 та мунтазам иш ўрни яратилади.

Аллақачон ёш кадрлар хорижда ўқитилиб, ишга туширилиши кутилаётган янги заводда нималар билан банд бўлишларини билишади.

GTL заводида ишлаб чиқарилган нафта ва суюлтирилган газ, унчалик узоқда бўлмаган ва лойиҳа қуввати оширилаётган Шўртан газ-кимё мажмуасига узатилади. Бу ерда бу маҳсулотлардан полиэтилен, полипропилен ва приолиз дистиллят ҳамда мой ишлаб ишлаб чиқарилади.

Қашқадарёдан тайёрланган кейинги репортажимизда кенгайтирилаётган Шўртан газ-кимё мажмуаси ҳақида батафсил ҳикоя қиламиз.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид