Ўзбекистон | 08:40 / 21.03.2020
13228
3 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги: маҳсулотлар етишмовчилиги бўлмайди

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етишмовчилиги бўлмаслиги ҳақида расмий баёнот билан чиқди

Фото: KUN.UZ

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тақчиллиги юзага келмайди.

Билдирилишича, мамлакатда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз, барқарор нархларда таъминлаш ва захирасини яратиш борасида ҳеч қандай муаммо мавжуд эмас. Жорий йилнинг баҳор ойларида аҳолини картошкага бўлган талаб ва бозорлардаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар қилинган.

Бир кунда омборлардан ўртача 1 600 - 1 800 тонна картошка бозорга чиқарилмоқда. Бу кунлик истеъмол талабига (4,5-5 минг тонна) нисбатан ўртача 35-40 фоизни ташкил этади. Ҳозир омборларда яна 90 минг тонна картошка захираси мавжуд. Ушбу миқдор ўртача талабга нисбатан 25-30 кунга етарли. Сурхондарё вилоятида экилган эртаки картошкадан апрель ойида (15-30 апрель) 65 минг тонна ҳосил йиғилиши режалаштирилмоқда.

“Аслида картошка тақчиллиги (45-50 минг тонна) асосан март-апрель ойларига тўғри келади. Май ойидан бошлаб ички ишлаб чиқариш ҳисобига қондирилади. Бундан ташқари, бошқа сабзавот ва дуккакли маҳсулотлар ҳам назоратга олинган. Шунингдек, зарур ҳолатларда аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўладиган бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари қўшни давлатлардан импорт қилинади”, - дейилади вазирлик баёнотида.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 2019-2020 йил қиш-баҳор мавсумга захира учун омборларга қўйилган асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ички бозорга чиқарилиши бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилгани айтилади. 34 907 тонна картошка, 4 965 тонна пиёз, 9 996 тонна сабзи ва 6 313 тонна гуруч маҳсулотлари захира қилинган. Барча туманлардаги бозорларга режали асосида сотувга чиқарилмоқда.

“Ижтимоий тармоқларда “Коронавирус Ўзбекистонга тарқагани боис, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошмоқда”, деган хабарлар аҳолини саросимада тушишга асос йўқ. Аслида деҳқон бозорларида баҳор фаслининг энг кутилган Наврўз байрами муносабати билан халқимиз учун савдо ярмаркалари ташкил этилмоқда. Бозорларга киритилаётган барча турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини махсус лаборатория мутахассислари томонидан текширувдан ўтказилиб, сотувга рухсат берилмоқда. Мақсад аҳолини хавфсиз ва кафолатли, арзон маҳсулотлар билан таъминлашга эришишдир”, - дейилади баёнотда.

Мавзуга оид