Жаҳон | 16:37 / 23.03.2020
14084
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда собиқ президент Атамбоевни қўлга олиш чоғидаги тартибсизликлар бўйича суд бошланди

Ушбу иш бўйича 14 киши, жумладан Атамбоев, президент аппарати собиқ раҳбари Фарид Ниязов ҳамда парламент депутатлари Асель Кодуранова ва Ирина Карамушкинага айблов эълон қилинган.

Фото: ТАСС

Қирғизистоннинг Чуй области Қўй-Тош қишлоғида собиқ президент Алмазбек Атамбоевни қўлга олиш чоғида юз берган тартибсизликлар бўйича суд иши бошланди. Бу ҳақда Бишкекдаги Первомайский район суди маълум қилди.

"23 март куни Первомайский район судида 2019 йил 7-8 август кунлари Қўй-Тош қишлоғидаги оммавий тартибсизликлар бўйича ишни кўриб чиқиш бошланади", - дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, ушбу иш бўйича 14 киши, жумладан Атамбоев, президент аппарати собиқ раҳбари Фарид Ниязов ҳамда парламент депутатлари Асель Кодуранова ва Ирина Карамушкинага айблов эълон қилинган.

Қирғизистон махсус хизматлари 7-8 август кунлари Атамбоевнинг уйи жойлашган Қўй-Тош қишлоғида уни қўлга олиш бўйича амалиёт ўтказганди. Амалиёт давомида махсус хизматлар ходимлари Атамбоевнинг тарафдорларига қарши махсус воситалар қўллашган. Собиқ президентнинг тарафдорлари бунга жавобан ўт очишган. Атамбоев тарафдорлари, шунингдек, 6 жангчини гаровга олишган. 

Натижада бир кунга яқин давом этган тўқнашувлардан кейин Атамбоев таслим бўлишга қарор қилган. Воқеа вақтида 136 киши жабрланган, бир жангчи ҳалок бўлган.

Мавзуга оид