Спорт | 21:21 / 23.03.2020
4333
2 дақиқада ўқилади

Японияда Олимпия машъаласи эстафетаси машъаласиз ўтказилади

Токиодаги ёзги Олимпиада ташкилий қўмитаси Олимпия машъаласи эстафетаси форматини ўзгартириб, уни машъаласиз ўтказишга қарор қилди. 

Фото: AFP

Бу ҳақда NHK телеканали хабар берди.  

Эстафета иштирокчилари машъала ўрнига махсус фонарлар билан ҳаракатланишади. Таъкидланишича, бу қарор Ўйинларнинг коронавирус сабабли кечроқ муддатга кўчирилиши эҳтимоли билан боғланган. Халқаро Олимпия қўмитаси Токиода Олимпиада ўтказилиши бўйича якуний қарорга келмагунча машъалалар қўлланмайди.

Бундан ташқари, ташкилотчилар фикрича, эстафетанинг бундай варианти томошабоплик нуқтаи назаридан камроқ жалб қилиб, томошабинларнинг эстафета йўналиши бўйлаб оммавий равишда тўпланишларига олиб келмайди. 

Машъала 20 март куни Грециядан Японияга келтирилганди. Кунчиқар давлат бўйлаб машъала эстафетаси 26 март куни Фукусима префектурасидаги машғулот марказидан бошланиши режалаштирилган. Бироқ ҳукумат коронавирус хавфи сақланиб қолинаётгани сабабли одамларни эстафета йўналиши бўйлаб тўпланмасликка чақирган.

Режага кўра, Олимпиада 24 июлдан 9 августгача бўлиб ўтиши керак. Бироқ кўплаб давлатлар коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳозирги мураккаб шароитда унинг белгиланган муддатларда ўтказилишига қарши чиқишмоқда. Шу сабабли ХОҚ ушбу масала бўйича якуний қарорни бир ой ичида чиқаришга ваъда берган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид