Ўзбекистон | 09:54 / 24.03.2020
15659
2 дақиқада ўқилади

Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган “Илҳақ” фильмини суратга олиш ишлари якунланди

21 март куни режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов бошчилигидаги суратга олиш жамоаси “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси билан яратилаётган “Илҳақ” фильмини суратга олиш ишларини якунлади. Фильм Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган бўлиб, унинг премьераси 9 майда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Фото: minsknews.by

Реал воқеаларга асосланган фильмни суратга олиш ишлари Ўзбекистон ва Беларусда ўтган. Аввалроқ бу ҳақда маълум қилинганди.

Беларусда суратга олинган фронт саҳналарида 120дан кўпроқ киши иштирок этган, умумий ҳисобда эса фильмни суратга олиш жараёнига 2 мингдан кўпроқ киши жалб қилинган. 

Фильм Иккинчи жаҳон урушида фарзандларини йўқотган оналар, уларнинг жасоратига бағишланган. Фильмнинг бош қаҳрамонларидан бири - Тошкент вилояти Хонобод қишлоғида яшовчи Зулфия Зокирова бўлиб, аянинг урушда барча 5 ўғли ҳалок бўлган. 

Иккинчи жаҳон урушидаги воқеалар ва унда аскарлар, зобитлар ва генераллар кўрсатган жасоратни эсга олар эканмиз, Ватанга ўзи учун энг қадрлиси – ўз ўғилларини фидо айлаган оналарни эсга олмасликнинг иложи йўқ.  

Фильм айнан шу мақсад – Ватан йўлида улкан йўқотишни матонат билан бошдан кечирган оналар хотирасини абадийлаштириш мақсадида суратга олинган.

Фильм премьераси 9 май - Хотира ва қадрлаш куни бўлиб ўтиши кутилмоқда. 

Мавзуга оид