Ҳиндистоннинг бутун аҳолиси уч ҳафталик карантинга олинди
Аҳоли сони бўйича Хитойдан кейинги ўринда турувчи Ҳиндистонда 25 март кунидан мамлакатнинг бутун аҳолиси - 1,3 миллиард киши карантин ҳолатида яшайди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Нарендра Моди маълум қилди.
«Ҳиндистон ва ҳар бир ҳиндни сақлаб қолиш учун уйдан чиқиш бутунлай тақиқланади.
Биз вирус тарқалиши занжирини тўхтатишимиз керак, алоқа қилишдан сақланиш ва одамлар билан масофани сақлаш – профилактиканинг энг яхши услубидир. Кечаси уйингиздан чиқмаслигингиз керак. Бу ҳар бир туман учун, ҳар бир қишлоқ учун ҳам тааллуқлидир», – дея Модининг сўзларини келтиради The Times of India.
У ҳатто «деразадан бурунни чиқариш» ҳам одамларнинг ҳаётига хавф солишини қайд этиб ўтган.
Моди ҳукумат коронавирусга қарши кураш учун 2 млрд доллар ажратиши ва Ҳиндистон соғлиқни сақлаш тизимидаги аҳвол яхшиланишини маълум қилган.
Карантин уч ҳафта давом этади.
Reuters экспертларининг қайд этишича, Ҳиндистонда дастлабки ҳолатлар йирик шаҳарларда қайд этилган бўлса, ҳозирда вирус нисбатан кичик аҳоли яшаш пунктларига ҳам кириб борган. Чекка ҳудудлардаги соғлиқни сақлаш тизимлари вирус кенг авж олишига бардош бера олмаслиги мумкин. Ҳиндистон ҳукуматининг бу қароригача бутун дунёда коронавирус туфайли ҳар бешинчи киши – 1,7 миллиарддан ортиқ одам карантинда эди.
Шу каби чоралар аввалроқ Непалда ва Покистоннинг айрим ҳудудларида жорий этилганди. Коронавирус туфайли уйни тарк этиш Буюк Британия аҳолисига ҳам тақиқланди, ҳукумат шу вақтга қадар кўчаларда ҳаракатни чеклашга жазм қилмаётганди.
- 24 март ҳолатига кўра, Ҳиндистонда 519 кишида вирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилган, шундан 10 киши вафот этган, 40 киши тузалиб кетган.
- 22 март куни инфекцияга қарши кураш доирасида Ҳиндистонда 14 соатлик комендантлик соати жорий этилганди.
- Пандемия туфайли Ҳиндистонда 31 мартга қадар темир йўл орқали йўловчи ташиш тўхтатилган. Бунгача мамлакатдаги поездларда ҳар куни 25 миллион киши ташиларди.
Мавзуга оид
20:58 / 19.11.2024
Путин Ҳиндистонга боради
16:43 / 17.11.2024
Ҳиндистон биринчи гипертовушли ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказди
16:50 / 16.11.2024
Ҳиндистонда ҳаво ифлосланиши кучайиб кетганидан Тож Маҳал кўринмай қолди
17:36 / 14.11.2024