Жамият | 23:24 / 24.03.2020
12213
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи фуқароларни карантин талабларига беписанд бўлмасликка чақирди

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, полковник Азиз Тошпўлатов тошкентликлар ва пойтахт меҳмонларини карантин талабларига беписанд муносабатда бўлмасликка чақирди.

Фото: ИИББ

“Бугунги кунда барчамиз нохуш эпидемиологик вазият гувоҳи бўлмоқдамиз. Ушбу вазиятни енгиб ўтиш учун ҳар биримиз мулоҳаза қилиб ва узоқни ўйлаб иш тутишимиз: борди-келдиларни чеклаб, ижтимоий алоқаларни қисқартиришимиз зарур.

Қайд этиш лозимки, умумий фаровонлик ҳар биримизга боғлиқ. Гап МУҲИМ нарсалар бўлмиш ҳаёт ва соғлиқ ҳақида кетганда, режалар, уйдан ташқаридаги кўнгилхушликлар, сафарлар, муҳим ишлар, иш юзасидан ёки дўстлар ва қариндошлар билан учрашувлар иккинчи даражали бўлиши керак. Бугунги кунда барчамиз учун саломатликдан бошқа ҳеч нарса аҳамиятга эга эмас.

Мен сизлардан вақтинчалик чекловларни хотиржамлик билан қабул қилишни ва белгиланган талабларга риоя қилишни илтимос қиламан. Юзага келган ноқулайликлар вазият талаби бўлиб, норозиликларга сабаб бўлмаслиги керак, зеро янги талаблар Сизнинг ҳаётингизни асраш учун йўлга қўйилгандир. Ушбу чекловлар бизга коронавирус инфекциясининг тарқалишини тўхтатишда ва уни енгишда ёрдам беради”, дейди у.

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи фуқароларга уйларини заруратсиз тарк этмаслик, гигиенага риоя қилиш зарурлигини эслатган ва  карантин қоидаларини бузганлар маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Эслатиб ўтамиз, 23 мартдан Ўзбекистонда янги карантин чоралари жорий этилган, бутун мамлакат бўйлаб тиббий ниқобсиз ҳаракатланиш тақиқланган эди.

25 март кунидан эътиборан бутун мамлакат бўйлаб тиббий ниқобсиз юрган фуқаролар жаримага тортила бошланади.

Шу пайтгача карантин қоидаларини бузган 3 кишига жиноий иш очилган, 4 киши маъмурий жавобгарликка тортилган.

 

Мавзуга оид