Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура адвокатнинг сўзлашувлари устидан прокурор назоратига доир қонун бўйича муносабат билдирди
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Бош прокуратураси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган, шу йилнинг 24 март куни Сенат томонидан маъқулланган қонун бўйича изоҳ берди.
“Сенатнинг 24 мартдаги ялпи йиғилишида маъқулланган “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига киритилаётган ўзгаришлар юзасидан айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан “адвокат сўзлашувини назорат қилиш прокурор санкцияси билан мумкин бўлиши” ҳақида аҳолини чалғитувчи нотўғри материаллар тарқатилди.
Ушбу маълумотлар қуйидагиларга кўра асоссиздир:
Биринчидан, Қонуннинг ушбу моддаси 1998 йилдан буён амалда бўлиб, унга киритилаётган ўзгариш фақат таҳририй характерга эга, яъни амалдаги матндаги “...телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш ...” сўзлари “...телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган сўзлашувларини, хабарлари ва маълумотлари узатилишини назорат қилиш ...” деган сўзлар билан таҳрирланяпти. Ушбу ўзгариш замон талаби, чунки нафақат телефон сўзлашувлари, балки телекоммуникация қурилмалари (компьютер, планшет, смартфон в. б.) орқали смс, ёзма, аудио, видео ва бошқа хабарлар юбориш кенг қўлланилмоқда, шу жумладан жиноий мақсадларда ҳам;
Иккинчидан, ушбу моддада адвокатнинг дахлсизлик ҳуқуқлари белгиланган бўлиб, унга кўра бошқа фуқаролардан фарқли равишда адвокатга нисбатан тезкор-қидирув тадбирлари ўтказиш, жиноят-процессуал ҳаракатлар ва мажбурлов чоралари қўллашнинг алоҳида тартиби белгиланган.
Хусусан, адвокатга нисбатан жиноят иши қўзғатиш, уни қамоққа ёки уй қамоғига олиш, мажбурий келтириш, ушлаб туриш, уйи, хонаси, транспортини кўздан кечириш, тинтув ўтказиш ёки олиб қўйиш, телефон сўзлашувларини эшитиш, адвокатни кўздан кечириш ва шахсий тинтув қилиш каби деярли барча муҳим тезкор-қидирув ва процессуал ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг санкцияси билан амалга оширилиши мумкин.
Ушбу нормалар адвокатларнинг ҳуқуқини чекламайди, аксинча суриштирувчи, терговчи томонидан тўғридан-тўғри ёки туман (шаҳар) прокурори санкцияси орқали тезкор-қидирув тадбирлари, процессуал ҳаракат ва мажбурлов чоралари қўлланилишидан ҳимоя қилиш орқали адвокатнинг шахсий дахлсизлиги ҳимоя қилинади.
Амалдаги қонунчиликда худди ўхшаш ҳуқуқий механизмлар судьяларга нисбатан ҳам белгиланган. Бундан ташқари, Украина, Россия (юқори тергов комитети томонидан) Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатларда ўхшаш нормалар адвокатлик фаолияти кафолати сифатида белгиланган;
учинчидан, Сенат маъқуллаган қонун ҳужжати билан Жиноят-процессуал кодекси, Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисидаги қонунга ҳам телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган сўзлашувлар, хабарлар ва маълумотлар узатилишини назорат қилиш билан боғлиқ процессуал ва тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишни тартибга солувчи таҳририй ўзгаришлар киритилмоқда. Ушбу ўзгаришлар адвокатурага оид қонунчиликка киритилмаган тақдирда қонунчиликда номувофиқлик юзага келади. Яъни адвокатнинг телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган хабарлари ва маълумотлари узатилишини назорат қилиш туман (шаҳар) прокурори санкцияси билан йўл қўйиладиган бўлади. Бу эса адвокатлик фаолияти дахлсизлигига таъсир этувчи омил бўлиши мумкин.
тўртинчидан, юқоридаги қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгаришлар қонунчилик техникаси нуқтаи назаридан таҳририй (аниқлаштирувчи) хусусиятга эгалиги сабабли кўпчилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида ўзгариш киритилаётган қонуннинг назорат ҳолатидаги тўлиқ матнини кўрмаганлиги сабабли нотўғри таассурот уйғотмоқда.
Юқоридагиларга кўра, янги киритилаётган ўзгариш адвокатлик фаолиятига бирон-бир янги чеклов киритилаётганлигини англатмайди. Балки қонунчилигимизнинг замон билан ҳамнафас бўлишини таъминлайди. Шу муносабат билан адвокатлик ҳамжамияти ва фуқароларда хавотир олиш учун ҳеч қандай асос мавжуд эмас.
Маълумот тариқасида: ҳозирги кунда давлат раҳбарининг тегишли қарорига кўра адвокатура институтини ривожлантириш концепцияси тайёрланмоқда. Ушбу ҳужжат мазкур соҳани янада такомиллаштириш ва адвокатлар мавқеини тубдан оширишни назарда тутади” дейилади Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими томонидан Kun.uz сайтига тақдим этилган маълумотда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қонундаги ўзгаришга нисбатан хавотирларни ўринсиз ва асоссиз дея баҳолади.
“Айрим ижтимоий тармоқларда Олий Мажлис Сенати томонидан жорий йилнинг 24 мартида маъқулланган Қонунга асосан “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига киритилган ўзгартириш муносабати билан билдирилаётган хавотирлар, талқинлар ўринсиз ва асоссиздир.
Хусусан, шу пайтга қадар ҳам 1998 йилда қабул қилинган “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ адвокатнинг телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш, унинг почта-телеграф жўнатмаларини кўздан кечириш каби тезкор-қидирув тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг санкцияси билан амалга оширилиб келинмоқда.
Сенат маъқуллаган Қонунга асосан киритилган ўзгартиришлар эса, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасини “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқлаштирмоқда холос.
Яъни “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига кўра, тезкор-қидирув тадбирларининг турларига телефонлар ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитишдан ташқари, почта, курьерлик жўнатмаларини, телеграф хабарларини ва бошқа хабарларни назорат қилиш ҳам киради.
Ўз навбатида, тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш учун асослар қонунда белгиланган. Жиноятларни тайёрлаш, содир этиш аломатлари тўғрисида, шунингдек жиноятларни тайёрлашга ёки содир этишга дахлдор шахслар ҳақида аён бўлиб қолган маълумотлар шулар жумласидандир.
Мазкур маълумотлардан бирининг аниқлангани эса, шахснинг ҳуқуқий мақомидан қатъи назар, унга нисбатан тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш учун асос бўлади.
Шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгаришлар адвокатларнинг дахлсизлигига бирон-бир жиҳатдан таҳдид қилмайди, уларнинг қонуний фаолиятига ҳеч қандай тўсқинликни вужудга келтирмайди.
Айни пайтда Бош прокуратура манфаатдор идора сифатида адвокатларнинг мақомини кучайтириш, уларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, суд процессларида адвокат ва прокурор тенглигини амалда таъминлаш бўйича сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотларни тўлиқ рўёбга чиқаришга ўз ҳиссасини қўшиб бораверади” дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.
Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров мазкур қонун адвокатлар ҳамжамияти билан ҳисоблашмасдан қабул қилинаётганидан норозилик билдирганди.
Мавзуга оид
08:39 / 04.06.2026
Инсофсиз суғурта агентларининг очиқ реестри юритилади
11:51 / 22.05.2026
ИИВ, Адлия ва Тоғ-кон вазирлиги — давлат бошқарувидаги энг илғор идоралар
15:51 / 12.05.2026
800 га яқин давлат хизматида бюрократия нолга туширилиши айтилди
17:10 / 27.04.2026