Одам танламайдиган дард. Коронавирус юқтирган машҳурлар
25 март куни Бугун Буюк Британия тахти валиаҳди, қиролича Елизаветта II’нинг тўнғич ўғли, 71 ёшли шаҳзода Чарльзнинг коронавирусга топширган таҳлил натижалари ижобий чиқди.
«Ҳукумат ва тиббиёт тавсияларига асосан, шаҳзод ва герцогиня (шаҳзоданинг рафиқаси Камилла Паркер Боулз Корнуальская) Шотландиядаги уйида карантинга олинган. Шаҳзоданинг кимдан вирусни юқтириб олгани маълум эмас, лекин сўнгги ҳафталарда омма олдига кўп чиққани ва ҳаддан зиёд кўп топшириқларни бажаргани туфайли коронавирус билан касалланган бўлиши мумкин», дейилади Вестминистр резиденцияси ахборотида.
Январда Хитойнинг Уҳан шаҳрида тарқала бошлаган коронавирус бугунга келиб дунёнинг аксар мамлакатларига кириб борди. Хитойнинг ўзида вирус чекинаётган бир вақтда Италия, Испания ва Эрон каби давлатлар коронавируснинг янги тарқалиш ўчоқлари айланган.
- 25 март ҳолатига кўра, бутун дунёда 190дан ортиқ мамлакатда вирусдан зарарланганлар сони 460 мингдан ошиб кетди, шундан 113 мингдан ортиқ киши тузалган, 21 мингга яқин киши вирус қурбонига айланган.
Вирусни юқтирганлар орасида дунёга танийдиган машҳурлар ҳам бор. Ҳа, вирус одам танламайди, унга нечта олтин медалингиз борлиги, неча марта «Оскар» мукофотини қўлга киритганингизнинг қизиғи йўқ. У ўзини эҳтиётламаган ҳар кимга юқаверади...
19 март куни Монако князи Альбер II коронавирус юқтиргани маълум бўлди. Гримальди сулоласи вакиллари айни вақтда князнинг аҳволи яхшилигини билдиришган. Вирус Монако етакчисининг ҳаётига хавф солаётгани йўқ.
Шу ҳафтада Германия канцлери Ангела Меркель ҳам коронавирус эҳтимоли туфайли ўзини изоляция қилганди. Уни 20 март куни эмлаб қўйган шифокорда коронавирус тасдиқлангач, у шундай қарорга келган.
Ҳукумат расмийси Штеффен Зайбергнинг хабар қилишича, сўнгги кунларда у икки марта тест топширди ва икки сафар ҳам унда касаллик аниқланмади. Канцлер пайшанба куни «Катта еттилик» ва «Катта йигирматалик» саммитларида иштирок этишга тараддудланмоқда. Бу икки саммит видеоалоқа орқали ўтказилади.
Шунингдек, Европа Иттифоқининг ички бозор масалалари бўйича комиссари Мишель Барнье ҳам коронавирус юқтиргани маълум бўлди. Барнье Франциядаги ўз уйида карантинда ўтирибди. У европаликларни эҳтиёт бўлишга ва сабабсиз кўчага чиқмасликка чақириб, «вирусга қарши жангда фақат ҳамжиҳатликда ғалаба қозона олиш мумкинлиги»ни айтмоқда.
12 март куни Ҳолливуд юлдузи Том Ҳэнкс ва унинг рафиқаси Рита Уилсон Австралия сафарида юрганида коронавирус юқтиргани хабар қилинганди. Актёр ва унинг рафиқаси Австралиядаги касалхоналардан бирига ётқизилган ва даволаш амалиёти ўтқазгач, 17 март куни уйига жавоб берилган.
«Салом, болалар. Хушхабар! Бизда вирус аниқлангандан бир ҳафта ўтиб мен ўзимни яхши ҳис қиляпман. Вирус кучайиб кетмади, аломатлари ҳали ҳам ўша-ўша. Ҳарорат кўтарилиши йўқ, шунчаки ўзимни бироз ноқулай ҳис қилмоқдаман. Ёмон хабар шуки, карта ўйинида хотинимга нуқул ютқазяпман», деб ёзди Том Ҳэнкс ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. «Форест Гамп» фильмидаги роли билан машҳур бўлган бу актёр постида ҳазиллашганига қараганда аҳволи яхши.
Коронавирус Канада бош вазири Жастин Трюдо оиласини ҳам четлаб ўтмади. Трюдонинг рафиқаси Софи Грегуар Британия сафаридан қайтгач, унда касаллик аломати аниқланган. Оқибатда Канада бош вазири ҳам карантинга олинди, рафиқасини эса даволанишга ётқизишди. Трюдо айни жамда мамлакатни уйидан туриб бошқармоқда.
Коронавирусдан британиялик актёр Идрис Эльба ҳам қочиб қололмади. У билан учрашган одамда коронавирус аниқланганидан кейин актёрнинг ўзи ҳам врачга боради. Актёр коронавирусни аниқлаш учун тест топширганда унда аввалига вирус аломатлари чиқмади, шу боис у ўзи коронавирусга чалингани ҳақида илк хабарлар чиққанида буни ёлғон деб ўйлади. Актёрнинг мухлислари қора танлиларга коронавирус юқмаслиги ҳақида ҳам ёзиб чиқишди.
Актёрнинг ўзи коронавирусга чалингани аниқ бўлгач шундай деди: «Бу бефаҳмлик, бу аҳмоқлик, бу хавфли. Илтимос, ҳозир бундай хабар тарқатадиган вақт эмас. Одамлар фактларни билишлари ва ҳақиқатни тушунишлари керак. Ёлғон хабарни тарқатишни тўхтатинглар. Бу вирус ҳамма учун жуда хавфли, қора танлилар учун ҳам».
Эльбанинг касаллиги енгил кечмоқда, унда фақат енгил шамоллаш бор, аммо актёр сурункали астма билан оғригани сабаб хавфли беморлар гуруҳига киритилган.
«Мен шундоғам ҳаётим давомида астмадан қийналдим, шунинг учун «тож»ни олиш (тождор вирус деб ҳам аталадиган коронавирусни юқтиришни назарда тутилмоқда) менинг режаларимда йўқ эди», деб ҳазиллашди актёр CCN нашрига берган интервьюсида.
13 мартда Майами шаҳри мэри Фрэнсис Суарес ҳам коронавирусга чалингани маълум бўлди. Бразилия президенти Жаир Болсанару билан учрашганидан сўнг унга вирус юққани аниқланган. Қизиғи, Боласанаруда бу хавфли вирус аниқланмаган. Унда касал қаердан юқди дейсизми? Гап шундаки, Майами мэри билан учрашувда коронавирусга чалинганини ўзи ҳам билмаган Бразилия президентнинг матбуот хизмати бошлиғи Фабио Вайнгартен ҳам иштирок этган. Фрэнсис Суарес вирусни ундан юқтирган.
Танзаниянинг энг машҳур реппери Mwana FA (Хамис Мвинжума) Жанубий Африка Республикасидан қайтганидан сўнг ўзида иситма ва бошқа аломатларни сезиб тест топширишга боргач, унда коронавирус аниқланади. Касалхонага ётқизилгач реппер ўзининг кўп миллионли мухлисларига ижтимоий тармоқ орқали видеомурожаат йўллаб, шифокорлар бераётган кўрсатмаларга амал қилиш, қўлларни доим совунлаб ювиб юриш, бошқалар билан мулоқот қилганда оралиқ масофа сақлаш ва энг муҳими ваҳимага тушмаслик ҳақида гапирган.
Вирус ва футбол
Аввалига коронавирус иммунитети кучли одамга юқмаслиги айтилди, лекин бу борада муаммоси бўлмаган спортчилар, футболчилар ва собиқ футболчилар ҳам вирусни юқтириб олди.
12 март куни «Арсенал»нинг 37 ёшли бош мураббийи Микель Артетада коронавирус аниқланган эди. Мураббийда вирус аниқлангандан сўнг «Арсенал»нинг барча футболчилари, мураббийлари ва жамоа ходимлари карантинга олинди. Унинг коронавирус юқтиргани Англия чемпионатини муддатидан аввал тўхтатиш учун асосий сабаблардан бири бўлди.
19 март куни мураббийинг тузалгани ҳақида хабар қилинди: «Мамнуният билан хабар қиламизки, Микель ўзини яхши ҳис қилмоқда ва вирусдан шифо топяпти. Унинг кайфияти яхши, кейинги режалар юзасидан мураббийлар штаби ва ўйинчилар билан доимий мулоқотда бўлиб турибди», дейилди клуб расмий баёнотида. Микелнинг режалари ўз йўлига, ҳозирча АПЛ қачон қайта бошланиши ҳам аниқ эмас.
Вирус юқтирган машҳур футболчилар орасида «Ювентус» юлдузи Пауло Дибала ҳам бор. Унинг коронавирус юқтириб олгани 21 март куни аниқ бўлди. Турин клубида Блез Матюди ҳамда Даниэле Ругани ҳам вирус юқтирган. Шунингдек, Эзекел Гарай, Патрик Кутроне, Эльяким Мангала, Маноло Габбьядини, Калум Ҳадсон-Одои, Чарли Остин, Марвон Феллайни каби футболчиларда ҳам вирус аниқланган.
Туркиялик машҳур мураббий Фотиҳ Терим ҳам вирусга чалингани маълум бўлди.
«Реал» клубининг икки собиқ президенти вирус билан оғриди. Лоренсо Санс коронавирусдан ҳалок бўлди, «Реал»нинг яна бир собиқ президенти Мартин Альварес айни вақтда касалхонада. Унинг аҳволи ҳам оғир дейилмоқда. Альварес 2006 йил Флорентино Перес кетгач, «Реал»ни бошқарганди.
Вирус забардаст олимпиада чемпионларини ҳам чеклаб ўтмаяпти. Лондон олимпиадаси чемпиони, жанубий африкалик сузувчи Кэмерон Ван дер Бург бутун дунёни эгаллаган вирусни юқтириб олгани ҳақида твиттерда ёзди: «14 кундирки Covid-19 вируси билан курашяпман. Мен соғлом ҳаёт тарзида яшайман, ичмайман, чекмайман, ёшман, лекин вирус мени четлаб ўтмади. Танамни ҳолсизлик қамраб олган. Катта мусобақа олдидан вирусга чалиниш барча йиғинларда тўпланган кучни йўққа чиқаради», деб ёзди олимпиада чемпиони ўз микроблогида.
Доминикан республикаси ташқи ишлар вазири Мигель Варгас унда вирус аломатлари бўлмаса-да, тест топширган: «Мен ўзимни яхши ҳис қилаётгандим, лекин тестлар менда вирус борлигини кўрсатди. Шу боис карантиндаман», деб ёзди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Коронавирус юқтириб олган бўлсада ишга чиқаётганлар ҳам топилди. Масалан, Одесса прокурори Сергей Поченюк 17 март куни Мисрдан қайтиб келган. Аввалига у ўзини яхши ҳис қилган, лекин вақт ўтиб унда Covid-19 аломатлари пайдо бўлган. Одесса прокуратураси маълумотига кўра, прокурор изоляцияга олинган, лекин ижтимоий тармоқларда Поченюк 23 март куни суд жараёнида қатнашгани кўринган суратлар тарқалди.
Эронга коронавирус кириб келганининг илк кунларида эҳтиётсизлик ортидан бу давлатнинг бир неча нафар юқори лавозимли амалдорлари вирусни юқтириб олди. Жумладан, Эрон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Ирож Ҳарирчи, шошилинч тез тиббий ёрдам раҳбари Пирҳусайн Коливанд, савдо вазири Ризо Раҳмоний, Эрон олий раҳбари Али Хоминаий бошчилигидаги мувофиқлик Кенгаши аъзоси Муҳаммад Мирмуҳаммадий, Эроннинг Дамашқдаги собиқ элчиси, ташқи ишлар вазири ўринбосари ва парламент спикери маслаҳатчиси Ҳусайн Шайхулислом ҳам коронавирус билан касалланган эди. Улардан икки нафари Ҳусайн Шайхулислом ва 71 ёшли Муҳаммад Мирмуҳаммадий вирус туфайли вафот этди.
Коронавируснинг дунё бўйлаб тарқалиши ҳақида кўплаб хабарлар тарқалар экан, улар орасида машҳур инсонларнинг коронавирус юқтириб олгани ҳақида ёлғон хабарлар ҳам тарқатилди. Масалан, Рим папаси Франциск ва машҳур актёр Жеки Чан коронавирусга чалингани ҳақида хабарлар ўз исботини топмади.
1994-2000-йилларда Финляндия президенти бўлган Мартти Атхисаарининг қонида 23 март куни коронавирус аниқланди. 82 ёшли собиқ президент 2008 йилда тинчлик йўналишида Нобель мукофотини қўлга киритган. БМТда фаолият юритадиган дипломат ҳозир ўзини яхши ҳис қилаётгани айтилди.
Испанияда ҳам вирусга чалинганлар кун сайин кўпайиб бормоқда. Машҳур опера қўшиқчиси Пласио Доминго ҳам коронавирус инфекциясини юқтириб олгани аниқланди. 79 ёшли машҳур операчи бу ҳақда ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилган. Нуфузли «Грэмми» мукофоти совриндори ўзида касаллик белгилари пайдо бўлгач, тест топширган ва касалликка чалингани аниқ бўлган. Ҳозир у ўз уйида оила аъзолари билан бирга карантинда турибди.
Ана шунақа гаплар. Вирус ҳеч кимни чеклаб ўтаётгани йўқ. Шу боис бу менга юқмайди деган тушунчани унутиб, эҳтиёт бўлавериш керак...
Мавзуга оид
23:29 / 03.07.2021
АҚШда ҳайвонлар синов тариқасида коронавирусга қарши эмланмоқда
13:47 / 03.07.2021
Бухоро вилояти ҳокими коронавирусга чалинди
23:49 / 02.07.2021
ЖССТ Евро-2020 сабабли Европада коронавируснинг янги тўлқини юз бериши муқаррарлигини айтди
18:24 / 02.07.2021