Жамият | 20:34 / 25.03.2020
265205
3 дақиқада ўқилади

ССВ беморлар аҳволи оғирлигини билдирган ва «ризолик сўраган» тиббиёт ходими видеоси бўйича изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда, хусусан телеграм каналлари орқали кийимига ва сўзларига қараганда тиббиёт ходими бўлган, аммо ўзини таништирмаган аёлнинг қисқа видеоси тарқалмоқда. Шифокор ёки ҳамширалиги номаълум бўлган бу аёл «беморлар аҳволи оғирлиги»ни айтади ва ўз яқинларига «розилик сўраш» маъносида йиғлаб сўзлайди.

«Ҳамманглар рози бўлинглар биздан, яхши ўтиринглар, кимнидир хафа қилиб қўйган бўлсам хафа бўлманглар. Яхши юринглар, дуо қилиб ўтиринглар. Касалларимиз яхши эмас, иссиғи чиқиб қалтираяпти, ҳамманглар яхши ўтиринглар», дейди аёл. Орқада бола йиғиси эшитилаётган бу маскан айнан қайси шифохона экани билинмаган.

Шу кунлардаги вазиятдан келиб чиқиб, кўпчиликнинг хаёлига биринчи навбатда коронавирусга чалинган беморлар келиши табиий. Аммо аёлнинг либослари тиббий бўлсада, махсус кийимлар эмас, яъни аксарият беморлар сақланаётган вирусология илмий текшириш институти ходимлариники билан бир хилмас. Қолаверса, бу муассасанинг ходимларидан кимдир шундай йўл тутишига ишониш қийин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бугун, 25 март ҳолатига умумий беморлар сони 56 нафар экани, улардан 4 нафари оғир аҳволдалиги, аммо ўта оғир аҳволда эмаслигини билдирганди (тиббиётда оғир ва ўта оғир ҳолат кескин фарқ қилади).

Вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаевдан бу масала бўйича изоҳ сўрадик. Вазирлик расмийсининг маълум қилишича, видеодаги аёл вирусология илмий текшириш институти ходими эмас.

«Ҳозир айни шу масала бўйича суриштирув олиб боряпмиз ва тўлиқ маълумот бўлиши билан хабар берамиз. Аммо дастлабки хулосалар бўйича айтиш мумкинки, айнан бу аёл вирусология илмий текшириш институтида шифокор ёки ҳамшира бўлиб ишламайди. Бу масалага институт раҳбарияти томонидан ҳам аниқлик киритилди. Аёлнинг ўзи ҳам қайси шифохонанинг қайси беморлари оғир аҳволда эканлигини аниқ айтмаган. Бу тиббиёт ходими қаерда ишлаши ҳақида суриштирувлар олиб боряпмиз.

Энг муҳими, коронавирусга чалинган беморлар сони ва уларнинг аҳволи ҳақида мунтазам ахборот бериб келяпмиз ва эҳтиросларга берилган ҳолда аҳоли орасида саросима чиқаришга ҳожат ҳам йўқ, бунинг учун жавобгарлик ҳам белгиланган.

Эслатиб ўтаман, бу ҳозирча дастлабки хулосалар ва аниқ ахборот, қўшимча янгилик бўлиши билан эълон қиламиз», деди Фурқат Санаев.

Мавзуга оид