Ўзбекистон | 14:50 / 26.03.2020
13541
2 дақиқада ўқилади

Касаллик юқтирганларнинг касби ва миллатига қизиқиш керак эмас – Нурмат Отабеков

Санитирая-эпидемиология назорати давлат инспекцияси раҳбари Нурмат Отабеков коронавирусга чалинган беморлар ҳақида турли маълумотлар тарқатмасликка чақирди.

Фото: KUN.UZ

«Касалликка чалинганларнинг касби, ёши ва миллати билан боғлиқ маълумотлар одамларни қизиқтириши керак эмас.

Биз мамлакатга касалликнинг бевосита эпидемик нохуш ҳудудлардан кириб келганига гувоҳ бўлдик. Шунинг учун бу вазиятда қайси тоифадаги шахслар вирус юқтиргани ҳақидаги маълумотларни тарқатишни бир четга суриб, фақат беморларни даволашга урғу беришимиз керак», дея қайд этди Нурмат Отабеков АОКА қошидаги махсус штабда ташкил этилган онлайн брифингда.

Брифингда карантин даврида даволаш-профилактика муассасалар фаолиятини текшириш тўғрилиги ҳақида қайд этиб ўтди.

«Карантин ва чеклов тадбирлари даволаш-профилактика марказларида, сиҳатгоҳларда ва профилакторийларда ташкил қилинмоқда», - дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг қайд этишича, коронавирус инфекцияси шифохона ичи инфекцияси тарзида ҳам тарқалиши мумкин.

Шунинг учун коронавирус инфекциясига чалинган беморлар даволанаётган, беморлар билан мулоқотда бўлганлар карантинда ушлаб турилган даволаш-профилактика муассасалари, профилакторийлар, санаторийлар ва бошқа карантин-чеклов тадбирлари учун мўлжаллаб ташкил этилган муассасалар – изояторларда давлат санитария-эпидемиология назорати амалга оширилади.

Бундан ташқари, Нурмат Отабеков вируснинг асосий гуруҳи борлигини ва уларнинг ҳар бирида алоҳида клиник белгилар намоён бўлиши ҳақида ҳам маълумот берди.

«Эпидемия бошланган кундан бугунги кунга қадар мазкур вируснинг 1111 геномлари ўрганилган ва улар 5та катта гуруҳларга бўлинган. Мазкур гуруҳларнинг ҳар бирининг ўзига хос клиник белгилари мавжудлиги ҳам исботланган», дея маълумот берди Нурмат Отабеков. 

 

 

Мавзуга оид