Ўзбекистон | 18:40 / 26.03.2020
13445
2 дақиқада ўқилади

ТИВ хусусий самолётлар чартер рейслар амалга ошираётгани ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритди

ТИВ хорижий давлатлардан Ўзбекистонга хусусий самолётларда чартер рейслар амалга оширилаётгани ҳақидаги хабарларга ишонмасликни сўради. Маълум қилинишича, бугунги кунда Ўзбекистонга амалга ошириладиган ҳар қандай турдаги халқаро авиапарвозлар тўхтатилгани боис, хусусий самолётлардаги чартер рейслар амалга оширилмаяпти. 

Ташқи ишлар вазирлигининг ахборот хизмати раҳбари Авазбек Ҳожиметовнинг маълум қилишича, Telegram каналларида Буюк Британиядаги ўзбекистонликлар орасида тарқатилган хабарлар мазмуни асоссиздир.

«Telegram каналларида тарқаган «кимдир эрта/индин Тошкентга учмоқчи бўлса, хусусий самолётда чартер рейс амалга оширилади. 3та ўрин қолган. Нархи 10 минг атрофида. Алоқага чиқинг» қабилидаги хабарларга ишонмаслик керак. 

Ўзбекистон ТИВ ва Лондондаги элчихонаси ушбу масала юзасидан расмий ахборот берган. Вазирлик Лондондан Ўзбекистонга хусусий самолётларда парвозлар ташкил этишига доир хабарларга ишонмасликка чақирмоқда. Чунки, Ўзбекистон ҳаво кенгликлари вақтинча ёпилган ва мамлакатга амалга ошириладиган ҳар қандай парвоз ҳукумат рухсати билан амалга оширилиши мумкин, холос», деди ТИВ расмийси АОКАда ўтказилган брифинг чоғида. 

Шу билан бирга, вазирлик баёнотида таъкидланишича, Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида ташкил этилган оператив штаб томонидан ватанга чартер рейс орқали қайтишни истаётган фуқаролар рўйхати тузилмоқда. Кунлик янгиланган маълумотлар ватандошларни қайтариш бўйича жараёнга жалб этилган бошқа вазирлик ва идораларга тақдим этилмоқда. 

Бундан ташқари, вазирлик ватандошлар, жумладан талабалар ва уларнинг ота-оналарини сабрли бўлишга ҳамда чартер рейслар амалга оширилишини кутишга, фуқаролар орасида тушунмоқчиликка сабаб бўлувчи ишончсиз маълумотларни тарқатмасликка чақиради.

Мавзуга оид