Жамият | 18:34 / 27.03.2020
8831
2 дақиқада ўқилади

Хитой ва Туркияда коронавируснинг даъвоси топилгани, беморлар 4 кунда тузалиб кетаётгани рад этилди

Хитой ва Туркияда коронавирус касаллигининг даъвоси топилгани, беморлар 4 кунда тузалиб кетаётгани ҳақида интернетда тарқалган хабарлар рад этилди.

АОКАда ташкил этилган брифингда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Cанитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков бундай хабарларни қатъиян рад этган.

«Агар шунақа имконият бўлганида коронавирус инфекцияси дунёни таҳликага солмаган бўларди. Ҳозир бу касаллик шу даражада катта тезлик билан, интенсивлик билан тарқаляптики, инсоният унга қарши ҳеч қанақа чора топа олмаяпти.

Агар коронавирусга чалинган беморларни 4 кунда даволаб юборадиган дори топилган бўлганда аллақачон бундан бохабар бўлардик, дунё ҳамжамияти уни жон-дили билан ишлатган бўларди», дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ Cанитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги Қараман қишлоғида коронавирус касаллиги тарқалгани ҳақидаги маълумотлар ёлғон эканини айтган эди.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 15 март куни ўтказилган брифингда ОАВни коронавирус тарқалиши бўйича асоссиз хабарлар тарқатиш оқибатларидан огоҳлантирган, бундай ҳолатда ҳазил кетмаслигини таъкидлаган эди.

Aдлия вазири ўринбосари Aкбар Тошқуловга кўра, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш 44 млн 600 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид