GETTY IMAGES

Тўсатдан бу офат Европага ёпирилди. Вирус бутун қитъага тарқала бошлади ва қисқа муддатда Италия коронавирус билан касалланганлар бўйича Эронни «қувиб ўтиб» иккинчи ўринга кўтарилди. Энг ёмони Италияда коронавирусдан ҳалок бўлаётганлар сони касалланганларга нисбатан фоиз ҳисобида Хитой ва Эрондагидан анча кўп. «Бузоқлар ўлкаси»да коронавирусдан вафот этганлар сони 9 мингдан ошиб кетди. Бу Хитойда вафот этганлардан қарийб икки ярим баравар кўп дегани.

Италияда коронавирус туфайли вафот этаётганлар сони янада кўп бўлиши мумкин. Сабаби ҳукумат фақат расмий рўйхатга олинган касаллар орасида вафот этганларнинг ҳисоби бўйича маълумот беряпти. Вирус сабаб рўйхатга олинмай вафот этаётганлар ҳам бўлиши мумкин. «Covid-19 вирусидан бир киши вафот этса, яна уч киши ҳеч қандай тестсиз уйда пневмониядан жон бермоқда», дейди Бергамо шаҳри мэри Жоржо Гори.

Коронавирус: Италияда қурбонлар ўн мингга яқинлашди, лекин ҳали ҳаммаси олдинда бўлиши мумкин

Нега айнан Италияда коронавирус ортидан ўлим ҳолати кўпайиб кетди? Бу савол барчани ўйлантирмоқда.

Getty Images

26 март куни Бергамода 32 минг одам коронавирус инфекциясини юқтиргани маълум бўлди. Биргина душанба кунининг ўзида яна 2 мингдан ошиқ одам вирус юқтиргани ва 400 нафар одам вафот этгани қайд этилди. Сўнгги кунларда эпидемиянинг ўсиш суръати бироз пасайди, аммо Италия умумий амалиёт врачлари федерацияси матбуот котиби Паола Педринининг айтишича, мамлакатда вазият ҳануз ёмонлигича қолмоқда.

«Вирус юқтирганларнинг кўпчилиги расмий статистикага кирмаган бўлиши мумкин, чунки ҳаммада ҳам коронавирусга қарши тест ўтказилмаган ва улар касалликка чалинган ҳолда одамлар орасида юрган бўлса, ҳеч ким билмайди. Одамларни ёппасига тестдан ўтказиш амалиётини аввалроқ бошлаганимизда, вирусга чалинганлар, ҳалок бўлганлар расмий маълумотларда ҳозиргидан 5-10 баробар кўп бўлиши ҳам мумкин эди», дейди Паола.