Жаҳон | 17:59 / 23.10.2024
5797
3 дақиқада ўқилади

Италияда туғилиш даражасини ошириш учун “шок терапияси” ўтказишга чақирилди

Италиялик аёллар иқтисодий қийинчиликлар туфайли фарзанд кўришни ортга сурмоқда, мамлакатда ҳар бир аёлга ўртача 1,14 нафар бола тўғри келади.

Италияга демографияни яхшилаш учун “шок терапияси” керак, деди Италия туғилишга кўмаклашиш жамғармаси раҳбари Жижи де Пало.

“Ҳозирги ҳукумат прогрессга эришмоқда, лекин бу етарли эмас. Италияга шок терапияси — компаниялар, банклар, шаҳарлар ва сиёсий мухолифатни бирлаштирадиган туғилиш сиёсати керак”, — таъкидлади у.

Жамғарма раҳбарининг айтишича, италияликлар учун бир болани 18 ёшгача боқиш 178 минг еврога тушади, аммо улғайгач, бу болалар “бошқа мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулотини тўлдириш учун кўчиб кетади”.

Де Пало Европада туғилиш даражаси бўйича етакчи бўлган Францияга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. У ерда солиқлар фарзандлар сонига қараб камайтирилади.

Италияда 2024 йилнинг дастлабки етти ойида туғилиш 4,6 минг нафарга ёки 2,1 фоизга камайди, дейилади Istat миллий статистика агентлиги ҳисоботида. 2023 йилда 379 890 нафар италиялик туғилган, бу 2008 йилдаги натижадан уч баравар кам. 2008 йилдаги инқироздан кейин Италияда янги туғилган чақалоқлар сони ҳар йили камайиб бормоқда. Аҳолининг кексайиши эса давлат бюджетига ортиқча юк бўлиши мумкин.

Туғилишнинг ўртача даражаси ҳам пасаймоқда: 1947 йилда италиялик аёллар ўртача иккитадан фарзанд кўрган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 1,21 нафарга тушди. Барқарор иқтисодиётни таъминлаш учун ушбу кўрсаткич 2,1 бўлиши керак. Бундан ташқари, чет элда истиқомат қилувчи италиялик оилалардаги туғилишлар ҳисобга олинмаса, ҳозирги коэффициент янада паст — 1,14 ни ташкил этади.

Istat тадқиқоти натижаларидан маълум бўлишича, кўплаб италиялик аёллар тахминан 30 ёшида биринчи фарзандни дунёга келтиради, жуфтликлар барқарор иш ва уй-жой топиш билан боғлиқ муаммолар туфайли фарзанд кўришни кечиктирмоқда.

Туғилиш даражасининг пастлиги муаммосини ҳал қилишга эътибор қаратиш учун жуда кеч, деб таъкидлади Италиянинг қариш жараёнини ўрганиш агентлиги раҳбари Роберто Бернабей. Унинг фикрича, бир аёлга икки бола тўғри келадиган ўртача кўрсаткичга қайтиш учун бир неча авлод керак, “Италия эса қаримоқда, 59 миллион аҳолининг 1 миллиони 90 ёшдан ошган”.

“Ҳозир аввалгидан 20-30 йил кўпроқ соғлом ҳаёт кечириш имконимиз бор. Келинг, бу йиллардан ёш ишчи кучи етишмаслиги туфайли ялпи ички маҳсулотдаги йўқотишларни қоплаш учун фойдаланайлик. 65 ёшдан ошган одамлар томонидан 100 та стартапни ишга тушириш учун 100 миллион евро ажратайлик. Ҳаммаси оддий, эртага эрталабгача натижаларни кўрасиз”, — дея ишонч билдирди Бернабей.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид