Жамият | 19:17 / 28.03.2020
21070
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда аҳоли орасида ваҳима тарқатмоқчи бўлган шахсга 30 сутка қамоқ жазоси тайинланди

Халқимиз коронавирус инфекциясига қарши бир тану бир жон бўлиб курашаётган бир пайтда айрим юртдошларимизнинг Интернет орқали фуқаролар орасида таҳлика, саросима уйғотувчи ёлғон хабарларни тарқатиш билан шуғулланаётгани ачинарли.

Самарқанд вилояти ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида ана шундай фуқаролардан бири аниқланди, деб хабар бермоқда вилоят ИИБ ахборот хизмати.

Маълум бўлишича, Пахтачи туманида яшовчи, 1977 йилда туғилган А.Шомуродов 25 март куни соат тахминан 16:00ларда, марҳум маҳалладоши кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги оқибатида вафот этганлигини эшитиб, соат 19:33 да Telegram мессенжеридаги бир нечта каналларга ўзининг «АКБАР ШОМУРАДОВ» номли ники орқали «Пахтачи тумани «Тома» маҳалласида яшовчи О. исмли шахс коронавирусга чалиниб, кўп миқдорда ароқ ичиб бугун вафот этганлиги айтилмоқда», номли ёлғон маълумотни ёзиб юборганлиги аниқланди.

Пахтачи туман Маъмурий ишлар бўйича суди томонидан унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 205-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир қилганлиги учун 30 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Самарқанд вилояти ИИБ эслатади:  Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ–613-сонли Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 244-5-модда билан тўлдирилди.

Унга кўра, карантин даврида инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш БҲМнинг 200 бараваригача (44 млн 600 минг сўм) жарима жазосига тортишга, 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ва 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазолашга сабаб бўлади.

Шунингдек, ушбу ҳаракатларни содир этган шахс 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 3 йилгача озодликни чеклаш ва 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади. 

Мавзуга оид