Жамият | 08:49 / 28.03.2020
4076
2 дақиқада ўқилади

Янги қурилаётган биноларда велотураргоҳлар барпо этиш мажбурий этиб белгиланиши мумкин

Янги қурилаётган бино-иншоотлар ва турар-жой мажмуаларида велотураргоҳлар барпо этишни мажбурий этиб белгилаш таклиф қилинмоқда

Фото: Hendrik Osula

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида янги қурилаётган бино-иншоотлар ва турар-жой мажмуаларида велотураргоҳлар барпо этишни мажбурий этиб белгилаш ҳақида петиция жойлаштирилди.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда автомобиль йўлларида ҳаракат кўпайиши оқибатида шахсий транспорт воситасида қисқа масофага бориб келиш ўзини оқламайди, бу янада тирбандликларга сабаб бўлмоқда. Ушбу ҳолат бошқа арзонроқ ва камчиқим транспорт воситаларига (яъни велосипед, самокат ва ҳ.к) эҳтиёжни тобора оширмоқда. 

“Аммо, кўп қаватли уй-жойларда бугун велосипедни сақлашнинг имкони йўқ. Таклифим шуки, эски ва янги қурилаётган барча кўп қаватли уйларда ёпиқ (том ва панжара) велотураргоҳлар қуришни мажбурий қилиш керак”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Билдирилишича, велотураргоҳлар автотураргоҳлар каби кўп жой ва қурилиш материалларини талаб этмайди. Уларнинг усти профнастил ва атрофи панжара билан ўралиб, шаҳар бўйлаб ташкил этилаётган видеокузатув тармоғига улаш кифоя этади. 

“Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, янги қурилаётган бино-иншоотлар ва турар-жой мажмуаларида велотураргоҳлар қуришни мажбурий этиб белгилашни таклиф қиламиз”, - дейилади петицияда.

Мавзуга оид