Ўзбекистон | 15:43 / 29.03.2020
23196
2 дақиқада ўқилади

Автомобиль заводи фаолиятини тўхтатмаётгани карантин қоидаларига зид эмас – Отабеков

Асака шаҳридаги автомобиль заводининг карантин даврида ҳам ишлаётгани карантин қоидаларига зид эмас, деб маълум қилди бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Карантин даврида ташкилот ва муассасалар ёки  заводлар фаолиятини давом эттираётган бўлса, ҳар бир ходим ўз индивидуал ҳимоя чораларини кўришидан ташқари, ундай жойларда карантин ва чеклов тадбирларига риоя этилиши ва ходимларга шароит яратиб бериш бўйича масъулият корхоналар раҳбарлари зиммасига юклатилади.

Бу ҳақда республика махсус комиссиясининг тегишли баённомаси мавжуд», деди Отабеков 29 март кунги брифингда.

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси раҳбари корхона ва заводларни қандай эритмалар билан дезинфекция қилиш самарали экани тўғрисида ҳам маълумот берди.

«Ҳозир Ўзбекистонда дезинфекция тадбирларида гипохлорид кальций, гипохлорид натрий, гипохлорид калий каби моддалар ишлатилади. Буларнинг барчаси таркибида хлор бор.

Булардан ташқари, таркибида ишқор моддаларини тутувчи воситалардан ҳам дезинфекция қилишда фойдаланса бўлади», – деди Нурмат Отабеков.

Унинг қўшимча қилишича, карантин ва чеклов тадбирлари давомида мазкур ходимнинг иштироки талаб қилинмаса, унга меҳнат таътили берилиши қоидаси тиббиёт муассасалари ходимларига ҳам тегишли.

Мавзуга оид