Жаҳон | 01:31 / 29.03.2020
44767
6 дақиқада ўқилади

Коронавирус пандемияси: Дунёда 30 мингдан ошиқ қурбон, Уҳанда карантин чоралари юмшамоқда

28 март ҳолатига кўра, бутун дунёда коронавирус инфекциясидан зарарланганлар сони 656 мингдан ошиб кетди. Айни вақтда энг кўп бемор АҚШда: океанорти мамлакатида 100 вирусдан зарарланиш бўйича 116 мингдан ортиқ ташхис қўйилган, вирус тарқалиши бошланган Хитой бу борада аллқачон ортда қолдирилган.

Фото: Reuters

Сўнгги маълумотларга кўра, бутун дунё бўйлаб вирус қурбонлари сони 30 мингдан ошди, 139 мингдан ошиқ киши тузалган.

Британияда ҳар 3-4 кунда Covid-19’дан зарарланганлар сони икки баробар ошмоқда, қурбонлар сони эса тезроқ ўсмоқда, ҳар 2-3 кунда икки баробар кўп киши ўлмоқда.

Шанба куни мамлакатда яна 260 киши вафот этди ва жами қурбонлар сони 1019 киши. Сўнгги маълумотларга кўра, касалланиш ҳолатлари - 17089та.

Дам олиш кунларида Британияда Миллий соғлиқни сақлаш хизмати ходимларини ёппасига тест қилиш бошлади. Беморлар билан алоқада бўлганлар, Covid-19 белгилари кузатилаётганлар ва вирус белгилари бор одамлар билан бирга яшаётганларнинг барчаси текширилмоқда.

Жума куни Британия бош вазири, 55 ёшли Борис Жонсонда, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазири, 41 ёшли Матт Ҳэнкокка Covid-19’дан зарарланиш ташхиси қўйилди. Уларнинг иккиси ҳам ўз уйида иҳоталанди.

АҚШда нималар бўлмоқда
Пандемия туфайли президент Трамп мамлакат тарихидаги энг йирик иқтисодий ёрдам пакетини (2,2 трлн доллар) имзолади. Бу пуллардан 500 миллиард доллари бизнесни қўллашга, 50 миллиарди авиакомпанияларга ёрдамга, 350 миллиард доллар кичик бизнес вакилларига ёрдам беришга ажратилади. Шунингдек, касалхоналар ва тиббий жиҳозлар учун 150 миллиард сарфланади. Ҳукумат карантин вақтида даромади кам бўлган ҳар бир фуқарога 1 200 доллар, ҳар бир болага эса 500 доллардан пул беради.

GETTY IMAGES

Жума куни Қўшма Штатларда 15483 кишида коронавирус аниқланди - бу бир кун олдингидан 1 мингга камроқ. Фақат Нью-Йоркнинг ўзида жума куни шифохоналарга Covid-19 ташхиси қўйилган 6 мингдан ортиқ киши олиб келинди; шундан 1600 киши - интенсив терапия бўлимларига жойлаштирилди.

Нью-Йоркда - мамлакатдаги энг кўп беморлар: 44 мингдан ортиқ киши.

Нью-Йорк, Янги Орлеан, Детройт ва бошқа йирик шаҳарларда дори-дармон ва тиббий ходимлар етишмовчилиги юзага келган.

Эпидемия кўлами ҳали Нью-Йоркдаги даражага тенглашмаган Калифорнияда, Лос-Анжелес портида АҚШ ҳарбий денгиз кучларининг «Мерси» кемасида янги беморлар учун минг ўрин ҳозирланган.
 
Хитойдаги вазият
Бу вақтда эпидемия илк бор тарқала бошлаган Хитойнинг Уҳан шаҳрида икки ойдан ортиқ вақт давом этган карантин юмшамоқда ва баъзи чекловлар бекор қилинмоқда. Шанба куни кўплаб йўловчилар темир йўл вокзалига келишди. Хабар қилинишича, шаҳарга киришга рухсат берилган, аммо ҳамон шаҳарни тарк этиш мумкин эмас. Бу чеклов яна икки ҳафта давом этиши кутилмоқда.

Шаҳарда жамоат транспорти қисман тикланган. Метронинг 9 йўналишидан 7тасида ҳаракатланиш мумкин, метрога тушган ҳар бир йўловчида ҳимоя ниқоблари бўлиши, чиқиш ва бошқа линияларга ўтишда «соғлиғи тўғрисидаги код»ни сканердан ўтказиши керак. Хубэй провинциясида ҳам қатор чекловлар олиб ташланган.

Хубэй маркази Уҳанда 50 мингдан ортиқ касалланиш ҳолати қайд этилди, уларнинг 3 мингдан ортиғи вафот этди. Аммо расмий маълумотларга кўра, айни вақтга келиб касалланиш ҳолатлари кескин тушиб кетган, жума куни атиги 54та касалланиш ҳолати қайд этилди ва уларнинг барчаси хорижда вирус юқтирган.

Инфекция тарқалиши такрорланиши олдини олиш учун Хитоой барча хорижликларга мамлакатга киришни тақиқлаган. Бундан ташқари, барча авиакомпанияларга бир ҳафтада хорижга фақат бир марта рейс амалга ошириш бўйича чеклов қўйилган, бунда самолётлар салонидаги жойлар 75 фоиздан ортиққа тўлиши мумкин эмас.

Италия ва Испания
Италия Covid-19 беморлари сони бўйича Хитойдан ўзиб кетган иккинчи мамлакат: бу ерда 92 мингдан ортиқ зарарланиш ҳолатлари қайд этилган.

Рим папаси Франциск бўм-бўш Авлиё Пётр майдонида Фото: EPA

Жума куни мамлакатда яна бир қайғули рекорд ўрнатилди: бир кунда 969 киши вафот этди - бу жорий пандемия вақтида бир кунда бир мамлакатда қайд этилган энг кўп ўлим ҳолатидир. Шанба куни эса яна 889 киши вирус қурбонига айланди ва жами қурбонлар сони 10023тага етди.

Италия Миллий соғлиқни сақлаш институти вирус тарқалиши ҳали ўз чўққисини босиб ўтмагани ҳақида огоҳлантирди, мамлакатда карантин чоралари узайтирилди.

Европада вирусдан энг кўп жабр кўрган иккинчи мамлакат бўлмиш Испанияда сўнгги бир кунда Covid-19дан 674 киши вафот этди ва вируснинг жами қурбонлари сони 5812 нафарга етди. 

Испанияда вирусдан зарарланишнинг 72 248 ҳолати қайд этилган.

Шу билан бирга, Испаниядан умидбахш хабарлар ҳам келмоқда: мамлакатда нафақат ўлим ҳолатлари ва касалланиш ҳолатлари, балки соғаяётганлар ҳам кўпаймоқда. Сўнгги бир кунда яна 2 928 киши касалликни енгди, бу жума кунги тузалганлардан 31 фоизга кўпроқ. Ҳозирда Испанияда тузалганларнинг жами сони 12 285 кишини ташкил этмоқда.

Маиший зўравонлик ошиши
Кенг кўламли карантин чоралари турли ҳудудларда маиший зўравонлик ошишига олиб келмоқда.

Хитойнинг Хубэй провинциясида сўнгги бир ойда полицияга зўравонлик ҳолатлари бўйича шикоятлар уч баравар ошган.

Guardian нашри хабар беришича, Испаниядаги Каталония ҳудуди ҳукумати карантиннинг илк кунидаёқ уйдаги зўравонлик ҳолатлари ҳақидаги қўнғироқлар 20 фоизга ошганини қайд этган.

Бундай ҳолатлар Кипрдан тортиб Бразилиягача кузатилмоқда.

Мавзуга оид