Ўзбекистон | 18:24 / 30.03.2020
6736
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон элчихонаси «чартер рейслар»ни ваъда қилаётган фирибгарлар алдовига учмасликдан огоҳлантирди

Россияда ўзбекистонликларни ватанга қайтариш учун ташкил этилувчи чартер рейслар хусусида ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси маълумотларига кўра, фирибгарлар ватанга қайтишни истаган фуқаролар ҳақида «маълумотлар йиғиш» ва йўловчилар «рўйхати»ни тузишни бошлаб юборган.

Фото: KUN.UZ

Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари орасида яқин кунларда Ўзбекистонга бўладиган чартер рейслари ҳақида ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчихонаси хабар қилмоқда. Унга кўра, фирибгарлар ватанга қайтишни истаган фуқаролар ҳақида «маълумотлар йиғиш» ва йўловчилар «рўйхати»ни тузишни ҳам бошлаб юборган.

Шу муносабат билан, элчихона Россияда бўлиб турган ватандошларга мурожаат қилиб, бу каби ёлғон хабар ва миш-мишларга ишонмасликни ҳамда бундай асоссиз хабарларни тарқатмасликни сўрамоқда. 

Мурожаатда таъкидланишича, 2020 йилнинг 30 мартидан 20 апрелига қадар Ўзбекистон Республикасининг барча аэропортлари ёпилиб, авиақатнов тўхтатилмоқда. Элчихона Россияда қолишга имконияти мавжуд фуқароларга коронавирус инфекциясини юқтирмаслик ва/ёки уни тарқатмаслик учун вақтинчалик/доимий яшаш жойларини тарк этмасликларини тавсия қилади. Шунингдек, фуқаролардан Россияда қабул қилинган коронавирус билан кураш талабларига қатъий амал қилиш, одамлар кўп тўпланадиган жойлар, айниқса, аэропортларга бормаслик, барча сафарларни қолдириш, ташқи алоқаларни чеклаш ва гигиена қоидаларига амал қилиш сўралади. 

Элчихона, ватанга қайтиш истагида бўлган фуқаролар учун 20 апрелдан сўнг чартер рейслар ташкил этилишини, бунинг учун қуйидаги ҳавола орқали рўйхатдан ўтишни таклиф этади: 

https://docs.google.com/forms/d/e/1FAIpQLSdZRBcqDzpl3Kt1PfGMz5jtfFnycFzWdpCvJ-V9he21MXqxYQ/viewform?usp=pp_url

Бундан ташқари, Россия шаҳарларидан амалга ошириладиган чартер рейслар ҳақидаги маълумотлар https://t.me/UzKoRus­Charts Telegram канали орқали ҳам эълон қилиниши ҳам маълум қилинган. 

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси расмий веб саҳифаси: www.uzembassy.ru  

Facebook: @UzEmbassy­.ru 

Instagram: @UzEmbassy­Russia

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид